Самарқандда ижтимоий дўкон фаолият кўрсата бошлади. У Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасида — 7-мактабнинг олдида жойлашган.

Бу ерда эҳтиёжмандлар ўзига ва фарзандларига кийим-кечакни текин олишлари мумкин.
Дўконга самарқандлик йигитлар Алексей Березовский ва Хайрулла Мамасолиев асос солишган. Дўконнинг пайдо бўлиш ғоясини Алексей Березовский шундай тушунтирди:
«Кунларнинг бирида ўз-ўзимга савол бердим: болалар катта бўлишяпти. Уларга лойиқ келмай қолган эски (ҳаттоки янги) нарсалар: кийим-кечак, пойабзал ва бошқаларни қаёққа қўйиш керак? Шунда ҳамма эски ва кераксиз нарсаларни топширадиган, эҳтиёжи борлар эса у ердан текинга олиб кетадиган бир дўкон ёки хона ташкил этиш ғояси туғилди».

«Ҳаммаси маблағга бориб тақаларди. Хонани ижарага олиш керак, коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш керак. У ерда навбатчилик қиладиган одам ҳам керак. Буларнинг барисини бир ўзим қила олмасдим. Шунинг учун Фейсбукдаги «Потребители Самарканда» гуруҳида мавзуга оид пост қолдирдим ва ғояни амалга оширувчи ҳамфикрлар изладим. Айнан ёрдамчи инсонларни ахтардим, яъни асло дўкон очиш учун маблағ тўплашга чақирганим йўқ», — дейди Алексей.
Бу ташаббусга дарҳол бир неча киши қўшилишган. Икки киши дарҳол дўкон учун бепул жой тақдим этган. Улардан бири — Хайрулла Мамасолиевдир. У шундай дейди:

«Дўконнинг ғояси шундан иборатки, бу ерга одамлар кераксиз эски нарсаларини ёки янги буюмларни келтиришади. Булар кийим-кечак ё маиший техника бўлиши мумкин. Биз бузуқ техникаларни созлаймиз ва эҳтиёжи борларга тарқатамиз.
Фақат битта қоида бор: бир киши фақат иккита нарса олиб кетиши мумкин».
Ижтимоий дўкон қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқлар ва Телеграм каналлардаги постлар туфайли машҳурлашди. Дўкон куннинг кечки пайтида фаоллашади.
Ўнлаб волонтёрлар ҳар куни дўконга келтирилган буюмларни қабул қилишади. Улар нарсаларни тартибга келтиришади, тахлашади ва тарқатишади. Буюмларни келтирган инсонларнинг исм-фамилиялари ва телефонларини ёзиб, кийимларга тиркаб қўйишади.















