21 август куни Андижон шаҳрида жойлашган Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорларга беморнинг қариндоши томонидан суиқасд уюштирилди. Интернетда тарқалган видеода беморнинг яқини шифокорлар хонасига бензин сепиб, хонага ўт қўйиб юборишга урингани ҳақида айтилган. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳодиса бўйича Kun.uz’га маълумот берди.

«21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган бемор А.И.нинг ўғли томонидан тиббиёт марказининг ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходимларига тажовуз амалга оширилди.
Бемор А.И 2010 йилда «умуртқа поғонаси бел қисми остеохондрози, 4-5 бел умуртқалараро диск чурраси» туфайли Андижон Давлат тиббиёт институти клиникасида хирургик даволанган. 2017 йил «Бел умуртқалари сегменти ностабиллиги» ҳолати юзага келган. «Пастки парапарез асорати» ташхиси билан Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида қайта операция амалга оширилган. Операция жараёнида чуррани бартараф қилиш ва умуртқа поғонаси бел қисмига транспедикуляр мосламани ўрнатиш амалиёти бажарилган. Шундан сўнг ушбу бемор Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходими Бобур Шавкатов томонидан консультация қилиб турилган. 2019 йилнинг июль ойида бемор Б.Шавкатов томонидан қайта кўрикдан ўтказилган. Беморга стационар даволаниш тавсия этилган. Лекин бемор ва қариндошлари Тошкент шаҳридаги тиббиёт марказларидан бирига консультацияга бориб келишга истак билдиришган.
2019 йилнинг 19 август куни бемор А.И.нинг ўғли Ф. марказга келиб, Бобур Шавкатовга учрашган. У онасини Тошкентдаги «AKFA Med line» хусусий клиникаси мутахассислари кўригига олиб борганини, у ерда Фузулиддин исмли шифокор томонидан кўрикдан ўтказилганини айтган. Бемор ўғлининг сўзларига кўра, «Фузулиддин исмли шифокор гўёки аввалги операциялар нотўғри қилинганини, хозирда қайта операция қилиш лозимлигини, ушбу операцияларни республикамиз мутахассислари амалга ошира олмаслиги, шунинг учун Германия Федератив Республикасидан мутахассис чақирган ҳолда операция қилиш кераклигини уқтирган».
Ф.нинг сўзларига қараганда, бемор билан Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий марказига кўрикка боришган. У ерда бемор мутахассислар томонидан кўрилиб, хозирги безовта қилаётган ҳолатга сабаб бел қисмидаги операциялар эмас, балки умуртқа поғонасининг кўкрак қисмидаги сариқ боғламнинг гипертрофияланган қисми орқали орқа мия эзилиши натижасида рўй бераётгани сабаб қилиб келтирилган. Улар томонидан умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида операция қилиш лозимлиги айтилган.















