Ўзбекистон | 12:30 / 23.08.2019
9863
2 дақиқада ўқилади

«Илгари фақат қоғозларда акс этган қуруқ рақамлардан фарқли ўлароқ, ЯИМ ҳажмининг ўсиши амалда 5,8 фоизга етди» — Сенат раиси

Бугун, 23 август куни Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган Сенат раиси Танзила Норбоева ривожланишдаги кўрсаткичлар статистикасини маълум қилди.

«Илгари фақат қоғозларда акс этган қуруқ рақамлардан фарқли равишда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг ўсиши 2019 йилда амалда 5,8 фоизга етди. Бу ислоҳотларнинг реал самарасини кўрасатади», — дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Раиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аксарият ижобий кўрсаткичлар асосан аграр соҳадаги ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлиб келган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида саноат ўсиши қарйиб 7 фоизни ташкил этган.

«Нефть-газ, кимё ва энергетика соҳаларида 2019 йилда қарийб 4,5 млрд. АҚШ долларига тенг 60дан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ўзбекистон тарихида илк маротаба инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошди. Умумий ҳисобда 86 триллион сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида 160та тумандаги 480га яқин қишлоқда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар 10 мингта уй-жой ва 110дан зиёд кўп қаватли уйларни битказиш режалаштирилган. Узоқ йиллар давомида фақат пахта экспорти билан кифояланган мамлакатимизда 180дан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 80та мамлакатга экспорт қилинмоқда», — дея келтирилади Сенат Раиси баёнотида.

Норбоеванинг айтишича, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ўзида 100 миллиард сўм ажратилган. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 1800тага яқин лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 2300та иш ўрни яратилган.

Мавзуга оид