«Ҳурматли Kun.uz таҳририяти! Сизларга Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Заргар қишлоғидан мурожаат йўллаяпмиз. Қишлоғимизда ичимлик суви муаммоси аҳолини қийнаб юборди. Бир неча мурожаатдан кейин 2018 йилда артезиан қудуғи орқали ичимлик суви чиқди. Қувончимиз узоққа бормади. Сув ўта шўр ва лойқа, бир сўз билан айтганда, истеъмолга мутлақо яроқсиз. Қишлоқ аҳли қишин-ёзин 2 км узоқликдан сув ташийди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқ тартибот идораларига бир неча бор мурожаат билан чиқдик. Афсуски, ҳеч бир натижа йўқ. Заргар қишлоғида ичимлик суви муаммоси ҳал этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз».
Kun.uz таҳририятига йўлланган ушбу мурожаатни жойида ўрганиш учун Ғаллаорол туманида бўлдик.
«Қишлоғимиз аҳли бир неча йиллардан бери ичимлик сувидан қийналади. Ўтган йили сув узатиш минорасини қуриб топширишганида жуда қувонган эдик. Чунки унгача ҳар 3-4 кунда ичимлик сувини сотиб олар эдик.
Лекин эрта қувонган эканмиз. Бу қудуқдан чиқаётган сув нафақат ичишга , балки кир ювишга ҳам ярамайди. Қишлоқ аҳли ҳануз 2 км узоқликдан сув ташийди.
Ушбу чала қуриб топшириб кетилган сув узатиш минорасидан чиқаётган ичимлик сувини март ойида Жиззах шаҳрида текширувдан ўтказиб келдик. «Ичишга мутлақо яроқсиз», деган хулосани чиқариб беришди.
Энг қизиғи, биз барча керакли ташкилотларга мурожаат қилсак-да, натижа йўқ. Сув ўта лойқа, ерга тўксангиз кўмирдек қорайиб қолади. Шўрлигидан экинларни ҳам суғоролмаймиз. Чорва моллари ҳам истеъмол қилмайдиган сувни ичишга мажбурмиз. Сангзор дарёсидан сув ташиймиз, шу сувни истеъмол қилишимиз натижасида фарзандларимиз юқумли касаллик орттириб оляпти», — дейди Раҳматилла Қорабоев.


«Давлатнинг катта пули сарфланиб, номигагина қазилган артезиан қудуғию, ушбу сув узатиш минораси учун кимдир жавоб берадими? Бизнинг айбимиз нима? Нега биз кўмирдек қора лойқа сувни ичишимиз керак? Бу сувга ювиниб ҳам бўлмайди. Бош ювсангиз сочингиз қотиб қолади. Маҳалла аҳли йиғилиб, бормаган жойимиз қолмади. Кимдир қилган айби учун жавоб берадими? Қачонгача биз сув қайнатиб ёки унинг лойқаси тубига чўкишини кутиб истеъмол қиламиз? Сув ҳам осонликча тинмайди, баъзида сел келиши оқибатда сойдан келаётган сувнинг тинишини ики уч кунлаб кутишга тўғри келади. Кутишни истамаганлар тинса-тинмаса лойқа сувни ичади. Бизга шу муаммони кимдир ечиб берадими?», — дейди Иъном Алимов.
























