Жамият | 14:24 / 25.08.2019
5123
3 дақиқада ўқилади

Нега мактабгача таълим ташкилоти раҳбарлари мусиқа ёки жисмоний тарбиядан дарс ўтмаслиги керак? – Вазир ўринбосари

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган «Август кенгаши» анжумани вазирлик тизимидаги ишлар сарҳисоби бўйича яхши платформа ҳисобланади.

Бу йилги республика анжуманида ҳам соҳада ишлаётган 200дан ортиқ масъул ходимлар иштирок этди.

Унда Мактабгача таълим вазири ўринбосари Собитхон Турғунов сўзга чиқиб, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

«Мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ўзининг функционал вазифасини биладими? Ҳозир қайси мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ўз йўналиши бўйича мусиқадан, расмдан ёки жисмоний тарбиядан дарс беради? Нега улар педагогик фаолият билан шуғулланмайди?», - дея мутасаддиларга савол билан юзланди Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, мактабгача таълим ташкилоти раҳбарларининг касбий билими яхши бўлиши, агар мусиқачи бўлса, қайсидир чолғу асбобини чала олиши зарур.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотида фаолият юритадиган ходимлар – методист, психолог, логопед, ҳамшира кабиларнинг асосий вазифалари эслатиб ўтилди.

«Қайси туман бошлиғи, қайси вилоят бошлиғи мактабгача таълим муассасаларида ҳамширалар менюни тўғри ташкиллаштиргани бўйича таҳлиллар олиб борди? Бу бўйича алоҳида ўқув семинарлари ташкил этди?», дея ҳамширалар фаолияти билан боғлиқ муҳим вазифа ижроси бўйича савол берди вазир ўринбосари.

Собитхон Турғуновнинг сўзларига кўра, болаларга салбий таъсир кўрсатувчи турли касалликлар – яссиоёқлик, йод етишмовчилиги, сариқ касаллиги бўйича алоҳида маълумотлар базаси шакллантирилиши, бундай касалликлар билан оғриган болаларнинг машғулотларга қатнашиши ҳам алоҳида жадваллар асосида ташкил қилиниши зарур.

Соҳадаги кадрлар билан боғлиқ муаммаларни ҳал қилишда республика бўйича жами 97та педагогика коллежининг мактабгача таълим вазирлиги тизимига бириктирилиши ҳам ижобий ҳодиса экани таъкидлаб ўтилди. Айни пайтда ушбу коллежлар таълим сифатини яхшилаш, методика яратиш, илғор технологияларни жорий этиш бўйича ҳар битта туманда донор вазифасини ўташи керак.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид