Ўзбекистон Республикаси президенти “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ—5742-сон “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ўрмон фонди ерларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга беришга рухсат берилган.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
а) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа асосида:
ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, уларни камида бир йил давомида парвариш қилиш ва инфраструктура объектларини қуриш;
барпо этилган ўрмонлар остидаги ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини юридик ва жисмоний шахсларга нархни ошириб бориш шаклида ўтказиладиган ким ошди савдолари асосида сотиш, бунда бошланғич тўлов миқдорини Жамғармадан сарфланган харажатлардан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;
ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини сотиш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш;
б) ўрмон фонди ерларини инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш;
в) ўрмон фонди ерларини ижарага беришдан тушадиган маблағларни тўлиқ Жамғарма даромадига ўтказиш.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
Ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача бўлган муддатда ўрмон хўжалигини ривожлантириш концепцияси лойиҳаларини киритади.
Белгиланишича, юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга ва реконструкция қилишга (ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, лимонарий ва иссиқхоналар илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ) рухсат беришда давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган шартномалар ўрмондан фойдаланувчи ёки ижарага олувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади.















