AFP агентлиги маълумотига кўра, Афина яқинидаги Саламин оролида икки кишининг жасади соҳил яқинидан топилган. Испаниянинг шимолидаги Арагон минтақасида эса ёнғинни ўчиришда иштирок этаётган ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.
Саламинда 570 дан ортиқ киши эвакуация қилинди
Греция соҳил қўриқлаш хизмати маълумотига кўра, Саламин оролида деярли бир вақтнинг ўзида иккита ўрмон ёнғини бошланган. Ёнғин ўчоқларининг ҳар иккиси ҳам одамлар гавжум бўлган пляжлар яқинида — оролнинг жанубий ва шарқий қисмларида қайд этилган.
Вазият оғирлашгач, соҳил қўриқлаш хизмати патрул катерлари ва бошқа кемалар ёрдамида 570 дан ортиқ кишини эвакуация қилган.
Греция ёнғин хизмати маълумотига кўра, Саламинда кекса эр-хотин ёнғин қурбони бўлган. Қутқарувчилар уларга ўз вақтида ёрдам кўрсата олмаган.
Кучли шамол туфайли олов жуда тез тарқалган. Греция телевидениеси ёнғин оқибатида бутунлай ёниб кетган уйларни намойиш этган. ANA агентлиги маълумотига кўра, камида тўққиз киши куйиш жароҳатлари сабаб тиббий ёрдамга муҳтож бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, орол шарқидаги Селиния пляжи атрофидаги ёнғин назорат остига олинган. Жанубдаги Перистерия пляжи яқинида эса алоҳида ёнғин ўчоқлари сақланиб қолган.
Оловга қарши курашга қарийб 200 нафар ўт ўчирувчи, олтита самолёт ва еттита вертолёт жалб қилинган.
Саламин оролида тахминан 37 минг киши истиқомат қилади. Аҳолининг салмоқли қисмини кекса ёшдагилар ташкил этади.
Греция қутқарув хизмати ҳисоб-китобига кўра, мамлакат бўйлаб бир сутканинг ўзида 34 та ёнғин қайд этилган.
Испанияда ёнғин ўчираётган ҳарбий ҳалок бўлди
Жазирама ва узоқ давом этаётган қурғоқчилик Испанияда ҳам ўрмон ёнғинларининг кучайишига олиб келган.
16 август куни Франция билан чегарадош Арагон минтақаси раҳбари Хорхе Аскон ёнғинга қарши курашда иштирок этган ҳарбий хизматчилардан бири ҳалок бўлганини маълум қилди.
Маҳаллий ОАВга кўра, ҳарбий бўлган автомобил ағдарилиб кетган.
Испаниянинг бошқа бир минтақаси — Андалусияда эса ёнғин туфайли эвакуация қилинган юзлаб аҳоли ўз уйларига қайтишга муваффақ бўлган.
AFP маълумотларига кўра, сўнгги ўн кун ичида Андалусиядаги ёнғинлар 25 минг гектар ўсимлик майдонини йўқ қилган. Қутқарувчилар оловни фақат 16 августга келиб жиловлашга муваффақ бўлган.
Францияда вазият барқарорлашди
Францияда ҳам йирик ўрмон ёнғинлари кузатилди. Бироқ 16 августга келиб мамлакатнинг шимоли-шарқида, Белгия билан чегарадош Арденна департаментида ҳамда жануби-ғарбий ҳудудларда вазият барқарорлашган.
Бордо шаҳридан тахминан 100 километр жанубда жойлашган ҳудудда 13 августдан бери 1700 гектар ўсимлик майдони ёнғиндан зарар кўрган.
Июл ойи охирида Бордо яқинида кузатилган янада йирик ёнғин эса 40 минг гектар ҳудудни қамраб олган эди.
Белгияда ёнғин майдони бир суткада икки баравар ошди
Белгиянинг Германия билан чегарасида жойлашган мамлакатдаги энг йирик табиий қўриқхона — «Хоэс Фенн» ҳудудида ҳам ёнғинга қарши кураш давом этмоқда.
AFP маълумотига кўра, 16 август куни чегара ҳудудини қалин сарғиш тутун қоплаган ва уни бир неча километр масофадан ҳам кўриш мумкин бўлган.
Бельгия расмийларининг маълум қилишича, атиги 24 соат ичида ёнғин майдони икки баравар кенгайиб, қарийб 3000 гектарга етган.
17 августга ўтар кечаси ёнғин кўлами ортиши сабаб Белгия чегараси яқинидаги Германиянинг Моншау шаҳрида ҳам эҳтиёт чоралари кучайтирилди. Маҳаллий ҳокимият шаҳар аҳолисининг бир қисмини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.









