“Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда таъсирчан давлат назоратини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг республиканинг барча туман ва шаҳар маъмурий-ҳудудий бирликларида давлат ер инспектори штатларини тўлиқ жорий этиш юзасидан:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига бюджетдан молиялаштириладиган қўшимча 32 та туман ва шаҳар бўлимларига бўлим бошлиғи, бош давлат инспектори штат бирликларини жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча жами 1093 та, шундан 95 фоизини қўмитанинг туман ва шаҳар бўлимларига муҳандис-ер тузувчи (давлат инспектори) штат бирликларини жорий этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш шўъбалари бошлиқларига бошқарма бошлиғининг ўринбосари мақоми бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларнинг штат жадвалларига 2019 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб бюджетдан сақланадиган бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимини киритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Белгиланишича, 2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг ҳудудий ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,8 бараварга оширган ҳолда қўлланилади.
Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Маъмурий судлар томонидан ерга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган маъмурий жарималардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига, 30 фоизи Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасига, қолган 60 фоизи давлат бюджетига ундирилиши белгиланади.















