Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилиши режалаштирилган ўзгартириш ва қўшимчалар:
5-банд (Чет эл валютасини айирбошлаш операциялари энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорига тенг бўлган ёки ундан ошган ҳолларда, жисмоний шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат (ЯТТдан қўшимча равишда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси) талаб этилади ва ушбу ҳужжат нусхалари операцияларни амалга оширган ходимлар томонидан банк кунлик ҳужжатларига тикиб қўйилади) қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“5. Чет эл валютасини айирбошлаш операциялари базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорига тенг бўлган ёки ундан ошган ҳолларда, жисмоний шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат (ЯТТдан қўшимча равишда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси) талаб этилади (чет эл валюталарини сотиш операцияси бундан мустасно) ва ушбу ҳужжат нусхалари операцияларни амалга оширган ходимлар томонидан банк кунлик ҳужжатларига тикиб қўйилади.”.
2-боб (Тижорат банклари томонидан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш) номидаги ва 6-банддаги (Тижорат банклари томонидан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш банк раҳбарининг буйруғига асосан банкнинг тегишли таркибий бўлинмасига юклатилади) “валюта айирбошлаш операцияларини” деган сўзлар “нақдсиз шаклда чет эл валютасини сотиш операциясини” деган сўзлар билан алмаштирилади.
10-банддан (Резидент жисмоний шахс чет эл валютасини сотиб олиш учун тижорат банкининг таркибий бўлинма мутахассисига ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, ЯТТ эса қўшимча равишда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини тақдим этади ҳамда таркибий бўлинма мутахассиси ҳужжатлардан нусха олади ва аслини қайтариб беради) “ариза ҳамда” деган сўзлар чиқариб ташлансин.
3-бобнинг (Тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотиб олиш операцияларини амалга ошириш) номи “тижорат банклари томонидан” деган сўзларидан кейин “нақдсиз шаклда” деган сўзлар билан тўлдирилади.
6-боб (Валюта айирбошлаш шохобчасига қўйиладиган талаблар ва унинг ишини ташкил қилиш) номидаги “айирбошлаш шохобчасига” деган сўзлар “айирбошлаш шохобчасида амалга ошириладиган операциялар турлари, шохобчага” деган сўзлар билан алмаштирилади.















