Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва Терма жамоалар бўлими раҳбари Азиз Ҳайдаров Суперлига тўпурарлари сафида бораётган ҳужумчилар термага чақирилмагани юзасидан изоҳ берди.

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистон чемпионати тўпурарлари рўйхатини «Пахтакор»нинг сербиялик легионери Драган Черан бошқариб бормоқда. Кучли учликда 11тадан гол урган Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») ва Зафар Полвонов (ОКМК) ҳам бор. Аммо бу икки ҳужумчи миллий жамоадан чақирув олган Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив», 10та гол) ва Игорь Сергеев («Пахтакор», 8та гол)дан олдинда бораётганига қарамай ЖЧ-2022 йўлидаги дастлабки ўйин учун йиғинга жалб этилмади.

Tribuna.uz мухбирининг хабар беришича, мазкур ҳолат бугун ЎФАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қизғин савол-жавоблар мавзусига айланган.

– Ҳар бир позиция бўйича қайси футболчиларни энг яхши деб ҳисобласангиз, шуларни термага чақиришингизни айтиб айтдингиз. Айтинг-чи, Суперлига тўпурарлари рўйхатини бошқараётган уч нафар футболчини санаб бера оласизми?

– Ўзбекистон чемпионатидаги барча футболчиларни танийман...

– Полвонов ва Муртазоевларнинг чақирилмагани нима билан боғлиқ?

– Бу – менинг қарорим. Шунга ишонаман.

Image

– Қарорингизни изоҳлай оласизми?

Азиз Ҳайдаров:
– Бу саволга мен жавоб берсам. Кичик мисол келтириб ўтаман – Месси. Натижалари ажойиб, лекин терма жамоада ҳеч қанақа натижаси йўқ. Шу нарсага ҳам эътибор беришингларни хоҳлайман.

Жуда кўп ўйинчилар бор – миллий жамоага келади, лекин ҳеч қанақа... Мен ўзим ҳам, мисол учун, миллий жамоада ўйнаганимда биз термага келишини хоҳлаган, ҳаттоки шу ўйинчиларни чақиринглар, деб мураббийларга айтган янги футболчиларнинг жуда кўпини машғулотларда кўриб, даражаси умуман тўғри келмаслигини тушунардик.

– Ахир Мессини терма жамоага чақиришмоқда-ку, Полвонов ва Муртазоевга эса ҳатто имконият ҳам берилмаяпти.

Эктор Купер:
– Ҳозир бу масалада полемикага киришиш шарт эмас. Оддий нарса: барчанинг ўз фикри, ўз диди бор. Бу – бутун дунёда бор амалиёт. Мессининг ўзига ҳам Аргентина миллий жамоасида, биласиз, жуда ёмон баҳо беришади. Унинг термада қанақа ўйнаши мухлисларга ҳам ёқмайди.