Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири – тадбиркорликни ривожлантириш, унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши экани кўп айтилган. Ишбилармонларга қулай шароит ва муҳит яратилса, бюрократик тўсиқлар олиб ташланса, мулкий ҳуқуқлари қаттиқ ҳимоя қилинса, уларнинг даромади ошади, натижада одамларнинг фаровонлиги яхшиланади, давлатимиз ҳам бой бўлади. Халқимиз азалдан меҳнатсевар ва тадбиркордир. Биз тоғни талқон қилишга, саҳрода боғ қилишга қодирмиз, фақат имконият берилса бас.
Сўнгги йилларда бу борада қилинаётган ишлар жуда катта салмоққа эга бўлди. Бироқ, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тўлиқ бартараф қилинди, барчаси ўз ечимини топди деб дадил айта оламизми? Афсуски йўқ. Бу мақоламизда ҳар бир тадбиркор, ишбилармон ёки фуқаро йўлиқиши мумкин бўлган масалани ёритишга ҳаракат қиламиз.
Хоразм вилояти Урганч туманида истиқомат қилувчи бир қанча тадбиркорлар Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, бозор билан боғлиқ бўлган ва бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммони баён этишди. Давлат ҳокимияти номидан иш юритган ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида катта миқдорда зарар етказган мансабдор шахс устидан шикоят қилишди.
2015-2016 йилларда Урганч тумани эски буюм бозорида кўплаб тадбиркорларнинг дўконлари бузилди. Уларнинг бир қисми шу жойга яқин ҳудудда қурилган Урганч шаҳар буюм бозорига кўчиб ўтишди. Бошқа қисми эса Урганч туманининг янги буюм бозори барпо қилинишини кутиб қолишди.
2017 йили Урганч тумани ҳокимлиги ҳузурида «Урганч туман марказий савдо мажмуаси» қурилиш дирекцияси иш бошлади. Унинг вазифаси тумандаги Ғалаба қишлоғи Обод маҳалласи ҳудудида янги буюм бозорини барпо қилиш эди.
Қурилиш дирекциясига раҳбар қилиб тайинланган Шуҳрат Хаитбаев бозор ҳудудидан дўкон ваъда қилиб, тадбиркорлардан, бозордаги дўкони бузилган одамлардан пул йиғишни бошлади. Уларга бозор ҳудудидан 24 кв.м. майдонли ва қиймати 50 миллион 400 минг сўмга баҳоланган дўконлар учун шартномалар тарқатди.
Режага мувофиқ бозор қуйидаги кўринишда, яъни икки қаватли замонавий дўконлар, катта омборлар, автобус бекати, автомобиллар тураргоҳи, маиший хизмат объектларидан иборат йирик савдо мажмуаси бўлиши лозим эди.

2017 йил март-май ойлари давомида Ш.Хаитбаев фуқаролардан тўпланган маблағлар ҳисобига бозор қурилишини бошлаб юборган, ҳудуд атрофи ўраб олиниб, дўконларнинг пойдевори қуйилган. Ишнинг бир жойдан силжиши тадбиркорлардан пул йиғиш жараёнини тезлаштирган.
2018 йил апрель-июнь ойларида дўконлар эгаларига топширилиши, савдо мажмуаси ўз фаолиятини бошлаб юбориши лозим эди. Аммо бу пайтга келиб, қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмади, одамлар ваъда қилинган дўконларни олишмади.





















