Париж клуби футболчи учун камида 170 миллион евро сўрамоқда, каталонияликлар трансферга Дембелени қўшишмоқчи.
Неймар ва «Барселона». Ибтидо
Неймар болалигидан дунёдаги энг яхши футболчи бўлишни орзу қиларди. У орзусига эришиш учун «Сантос»да ҳаракат бошлади, аммо Пелелар даври ўтган — эътироф этилиш учун Европага йўл олиш талаб этиларди. Жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш учун жаҳоннинг энг яхши жамоасида тўп суриш зарур эди. Неймар «Барселона»ни шундай жамоа сифатида танлади. Айтишларича, 2011 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида «Сантос» ва «Барса» ўртасидаги учрашувдан кейин форвард Месси ва Хавининг олдига келиб, камтарлик билан уларга шундай деган: «Мени ўзларинг билан олиб кетинглар. Мен сизнинг клубда ўйнашни истайман». Ўша ўйинда каталонияликлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Бразилиялик футболчида бундай истак уйғонишини тушуниш мумкин эди.

Икки йил ўтиб «Барселона» яна «Сантос» билан учрашди, бу сафар мавсумлар оралиғидаги назорат ўйинида. Энди Неймар аллақачон каталонияликлар сафига ўтган ва ўша ўйинда майдонга ҳам тушганди, аммо у собиқ жамоасига битта ҳам гол урмади. Ўша спарринг каталонларнинг 8:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Ёш футболчи «энг яхши» бўлишни орзу қилишда давом этар, ҳозирча Месси шоҳсупада эди.
Леонинг соясида
Неймар «Барселона»да ўтган уч йил давомида режа бўйича ўсишда давом этди. Бразилиялик футболчи жамоада чап қанот ҳужумида алмаштириб бўлмас футболчи эди, у жамоа билан 2015 йилда Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди, 2016 йили ЕЧЛда «ПСЖ»га қарши тарихий 6:1 ҳисобидаги ғалабанинг асосий сабабчиларидан бўлди. Аммо у ҳамон Мессидан кейинги иккинчи планда эди. Шу ерда кичик Неймарнинг тарихида танаффус ва катта Неймар тарихи бошланди.

Ўғил дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни истаган бўлса, отаси — дунёдаги футболчиларнинг оталари орасидаги энг бой дада бўлишни. «Сантос»дан трансфер учун каталонлар унга 40 миллион евро миқдорида комиссия пули тўлашганди (ундан аввалроқ яна 10 миллион еврони аванс сифатида беришгани ҳақида ҳам маълумотлар бор) — на Мино Райола, на Жорже Мендеш бирор трансфердан бунча пул ишлаган. Футболчи «Барселона»да яхшигина маош олган: йилига 14 миллион евро (солиқлар чиқариб ташланганда), аммо бу ҳам очкўз отага камлик қилди. Катта Неймар солиқларни тўлашдан қочди, шу туфайли испан суди ҳамон бразилиялик футболчини тинч қўймайди.















