Ўзбекистон | 12:41 / 30.08.2019
6128
4 дақиқада ўқилади

Хоразмда халқаро физика ва математика мактаби ташкил этилади

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилояти Шовот туманида Ал-Хоразмий номидаги “Халқаро физика ва математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг:

Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилда жойлашган айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига Ал-Хоразмий номидаги “Халқаро физика ва математика мактаби” мақомини бериш;

бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек мактаб учун 20 ўринли меҳмонхона биносини қуриш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар халқаро мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;

иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш.

Белгилаб қўйилишича:

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланган тегишли фанларни ўзлаштиришга иштиёқли ва иқтидорли ўқувчиларни шартнома асосида таълим олишига имконият яратилади;

халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга ҳамда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурларини татбиқ этишга рухсат берилади;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарори билан айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари учун белгиланган устамалар халқаро мактаб ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди;

халқаро мактаб раҳбар ва педагог ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш, шунингдек халқаро мактаб фаолиятини янада такомиллаштириш бюджетдан ташқари манбалар ва ҳомийлик (беғараз) ёрдами ҳисобига амалга оширилиши мумкин;

давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига қўшимча бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш Давлат бюджетидан молиялаштириш пасайишига олиб келмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид