Намунали уйларда яшашни орзу қилган кишиларнинг, масъулиятсиз қурувчилар томонидан қўл учида қуриб битказилган коттежларнинг аҳволини кўриб, «Бу уйнинг нимаси намунали?», дейишаётганига кўп бора гувоҳ бўляпмиз. Катта маблағ эвазига уй сотиб олиб норизо бўлаётган инсонлардан жуда кўплаб арзномалар келмоқда.
Аҳоли мурожаатлари ортидан Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманига бориб, «Мингтут» маҳалласи Ҳасанобод кўчасидаги намунали уйлардаги аянчли ҳолат устидан чиқдик.

Мазкур ҳудудда 2014 йили 500дан зиёд коттеж қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бутун бошли даҳа барпо қилинган. Нархи ўша пайтда 140 миллион сўмни ташкил этган намунали уйларни одамлар яхши ниятлар билан сотиб олишган.
Ҳасанобод кўчасидаги уйлар ҳолати билан танишдик.
Ҳар ёзда ариқ тошиши оқибатида ушбу кўчадаги уйларни сув босиб кетар экан. Ҳаммаёқ лой, уйлар нурай бошлаган, дарахтлар қуриб қолган. Қисқаси, рисоладагидек яшашнинг иложи йўқ.
Ўтган беш йил мобайнида сақланиб қолаётган муаммоларни ҳал қилиш учун туманда аҳоли мурожаат қилмаган идора қолмаган.



Нўъмонжон ака Мамажонов масалага қуйидагича изоҳ берди: «Биз мана шу уйни 2014 йили олган бўлсак, ўшандан бери ташвишларда ҳаёт кечирамиз. Бу уй биз учун «намунали» эмас, балки «ташвишли уй» бўлди. Кўчамизни, уйларимизни ҳар йили ёзда беш-олти марта сув босади. Сабаби, кўчадан ўтган лоток-ариқдан меъёридан ортиқча сув келиши ва тошиб чиқишида. Бу лотокдан икки-учта боғдорчилик фермер хўжаликлари ўз экинларини суғоришда фойдаланишади. Лекин ҳеч ким аҳолига қийинчилик туғдираётган муаммони ҳал қилишга уринмаяпти. Қўшнилар номидан туман ҳокимлигига бордик, ҳоким сув хўжалигига, сув хўжалиги оқин сувларни назорат қилувчи ташкилотга буюрди. Улар ишчи гуруҳи тузиб келишади, ўрганишади. Лекин аҳвол ўшандай қолиб кетаверади. Дардимизни охири сизларга айтишга қарор қилдик.












