Жамият | 12:27 / 02.09.2019
2988
2 дақиқада ўқилади

Қўшкўпир туманида кам даромадли, эҳтиёжманд оилаларга янги уйлар берилди ва фарзандларининг тўйлари ўтказилди

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида Мустақиллик байрами арафасида кам даромадли оилалар фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйлари ўтказилди, шунингдек 32та оилага янги уй-жойлар топширилди, деб хабар беради Kun.Uz мухбири.

31 август кунги тадбирлар Аз-Замахшарий номидаги маданият ва истироҳат боғида бошланди. Унда 35 метр баландликдаги Ўзбекистон Республикаси байроғининг очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, туман фаоллари, ёшлар ва ўқувчилар иштирок этишди.

Шундан сўнг, туман фаоллари «Адолат» ва «Хосиён» маҳаллаларида янги уйларни эгаларига топшириш маросимига йўл олишди. Байрамона руҳда ўтган тадбирда ҳар бир маҳалладан 16та кам даромадли, эҳтиёжманд оилаларга уйларнинг калитлари, сертификати ва совғалари тантанали тарзда топширилди. Улар Истиқлол айёмини янги уй-жойларда, шод-у ҳуррамлик билан нишонлайдиган бўлишди.

Байрамона тадбирлар «Жаннатмакон» тўйхонасида давом эттирилди. У ерда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 8 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказилди. Ҳар бир болага 1 миллион сўмлик омонат дафтарчаси топширилди. Шунингдек, кам таъминланган 2та оила фарзандларининг никоҳ тўйи ҳам ўтказилди. Янги оилаларга кир ювиш машинаси совға қилинди.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 11 нафар фуқарога аравача ва совғалар ҳадя қилинди.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид