Жамият | 11:24 / 21.05.2020
40775
11 дақиқада ўқилади

Фермернинг ери ғайриоддий тарзда тортиб олинди. Қўшкўпир туман ҳокимлиги фермернинг имзосини қалбакилаштирган бўлиши мумкин

Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманидаги «Иззат» фермер хўжалиги ерлари ҳокимнинг қарори асосида захирага қайтарилди. Фермер ўзининг номидан ёзилган аризадаги имзо қалбаки эканлигини айтмоқда.

Қўшкўпир тумани, Хонобод қишлоғидаги «Иззат» фермер хўжалиги 1994 йилдан бери фаолият юритади. Дастлаб чорвачилик йўналиши бўйича иш бошлаган тадбиркорлик субъектига 2016 йилдан пахта-ғалла йўналиши ҳам қўшилиб, кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган. 2019 йил январь ойидаги оптималлаштириш натижасида фермер хўжалиги ерлари умумий ҳисобда 107,1 гектарга етказилди.

2020 йил 27 апрель куни Қўшкўпир тумани ҳокимлиги томонидан «Иззат» фермер хўжалигига тегишли ерлар мониторингдан ўтказилиб, «чигитнинг кам экилгани, культивация ишлари бошланмагани, агротехника қоидаларига тўлиқ риоя қилинмагани, зарур ўғитлар кам сепилгани» аниқланади. Шу куннинг ўзида ҳокимлик фермер хўжалиги раҳбарига ер ижара шартномасини ихтиёрий бекор қилиш бўйича ёзма равишда таклиф юборади. Аммо ҳеч қандай жавоб бўлмагач, ҳокимлик судга мурожаат қилади.

6 май куни Шовот туманлараро иқтисодий суди Қўшкўпир тумани ҳокимлигининг «Иззат» фермер хўжалиги билан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги даъво аризасини кўриб чиқишни бошлайди.

Даъво аризасида 2020 йил пахта ҳосили учун «WBM Qo’shko’pir klaster» МЧЖ билан «Иззат» фермер хўжалиги ўртасида 75 гектар ер майдонига чигит экилиши режалаштирилган бўлиб, пахта етиштириш бўйича контрактация шартномаси тузилгани, аммо фермер хўжалиги 6 май кунигача 67,5 гектар ер майдонига чигит эккани, яъни чигит 7,5 гектар ер майдонига кам экилгани баён қилинган эди. Шунингдек, фермер хўжалиги томонидан фосфорли ва калийли ўғитлар меъёрига нисбатан кам сепилгани, 54,5 гектар ер майдонида культивация ишлари бошланмагани, тўлиқ агротехника қоидаларига риоя қилинмагани натижасида шартнома мажбуриятлари бажарилмаслик хавфи юқори экани кўрсатилган.

Бироқ, суд фермер хўжалиги билан ер ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш учун расмийлаштирилган барча ҳужжатлар, яъни ер майдонлари аҳволини мониторинг қилиш далолатномаси, Қўшкўпир туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер хўжалиги билан ер ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги хулосаси, Қўшкўпир туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер майдонларини ажратиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг хулосаси, шунингдек, Халқ депутатлари Қўшкўпир туман кенгашининг қарори бир куннинг ичида – 27 апрель куни расмийлаштирилгани ва шу куннинг ўзидаёқ фермер хўжалигига ижара шартномасини ихтиёрий бекор қилиш бўйича таклиф юборилганига эътибор қаратган.  

Бундан ташқари, даъво аризасида «WBM Qo’shko’pir klaster» МЧЖ билан «Иззат» фермер хўжалиги ўртасида 75 гектар ер майдонига чигит экилиши режалаштирилган бўлиб, пахта етиштириш бўйича контрактация шартномаси тузилгани, аммо фермер хўжалиги 6 май кунигача 67,5 гектар ер майдонига чигит эккани, яъни, 7,5 гектар ер майдонига кам экилгани баён қилинган. Аммо суднинг аниқлашича, «WBM Qo’shko’pir klaster» МЧЖ билан «Иззат» фермер хўжалиги ўртасида ҳеч қандай контрактация шартномаси тузилмаган, яъни бундай шартноманинг ўзи йўқ.

Суд «экилмаган ер майдонларига шартномада кўрсатилмаган бошқа экинлар экиш учун мўлжалланаётгани ва шартнома мажбуриятлари бажарилмай қолиш эҳтимоли мавжуд деган тахминлар билан даъвони қаноатлантириш мумкин эмас», деб ҳисоблаган. Яъни, бу суд ҳеч қачон тахминларга асосланган ҳолда қарор чиқармаслигини англатади.

Шунингдек, суд даъвогарнинг «фермер хўжалиги томонидан ер майдонларидан самарасиз фойдаланмоқда» деган талаби билан келишмаган, чунки ижара шартномасида «ижарага олувчининг айби билан мунтазам равишда (3 йил мобайнида) нормативдаги кадастр баҳосидан кам миқдорда ҳосил олинганда ижара шартномани бекор қилиш мумкинлиги» кўзда тутилган.

6 май куни ўтказилган маҳкамада суд томонларга келишиб олиш имкониятини беради. Яъни «Иззат» фермер хўжалигига экилмай қолган 7,5 гектар майдонга чигит экишни таклиф қилади. Қўшкўпир тумани ҳокимлиги эса бунга қарши бўлмайди. Натижада фермер 2 кун ичида катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириб, шу ерга чигитни экиб, бу топшириқни бажаради.

8 май куни суд якуний мажлис ўтказиб, Қўшкўпир тумани ҳокимлигининг даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилди. Бунда ҳал қилув қарори устидан 1 ой давомида апелляция тартибида шикоят берилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бироқ, «Иззат» фермер хўжалиги раҳбарининг ўз ҳуқуқи тиклангани, қонун устуворлиги таъминлангани, суд томонидан ҳимоялангани борасидаги қувончи узоққа чўзилмади. Судда ютишига кўзи етмаган ҳокимлик фермерни «синдириш»нинг қинғир йўлини танлаган кўринади. Шу йилнинг 12 май куни Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди. Унда «Иззат» фермер хўжалиги раҳбари Иззат Ражабовнинг туман ҳокими номига фермер хўжалиги ер майдонларини туман захира ери ҳисобига қайтариб олиш бўйича берган ёзишмаси юзасидан туман комиссиясининг хулосаси асос қилиб олинган.

Қўшкўпир тумани ҳокимлиги томонидан тақдим қилинган билдиришномада «Иззат» фермер хўжалиги раҳбари агротехника қоидаларига тўлиқ риоя қилмагани учун кечирим сўрагани ва 107,1 гектар ер майдонини захирага қайтарилишига рози экани, узоқ муддатли ер ижараси шартномаси эса бекор қилинишини илтимос этгани ёзилган. Билдиришнома 7 май кунги сана билан кирим қилинган.

Энди бу ҳужжат билан боғлиқ муҳим жиҳатларга эътибор қаратамиз. Биринчидан, «Иззат» фермер хўжалиги раҳбари Иззат Ражабов Қўшкўпир тумани ҳокимлигига ерни захирага қайтаришни сўраб, ҳеч қандай билдиришнома ёзмаганини ва ҳужжатдаги имзо ўзиники эмаслигини таъкидламоқда. Таққослаш учун, Иззат Ражабов ўз имзолари туширилган ҳужжатларни тақдим қилди.

Чапда билдиришномага қўйилган имзо, ўнгда Иззат Ражабовнинг ҳақиқий имзоси

Иккинчидан, билдиришнома қабул қилинган санага эътибор қаратамиз. У 7 май куни кирим қилинган. Ваҳоланки, бир кундан кейин, яъни 8 май куни Шовот туманлараро судида Қўшкўпир тумани ҳокимлигининг даъво аризаси кўриб чиқилган, унда ҳокимлик вакиллари ҳам, «Иззат» фермер хўжалиги вакиллари ҳам иштирок этишган. Агар фермер хўжалигининг раҳбари 7 май куни «ерни захирага қайтарилишини сўраган бўлса», у ҳолда 8 май куни судда бунинг аксини таъкидлаб, ўз манфаатини ҳимоя қилишида қандай мантиқ бор?

«Иззат» фермер хўжалиги раҳбари Иззат Ражабовнинг отаси Озод Ражабов Қўшкўпир тумани ҳокими чиқарган қарордан норози эканини таъкидлаб, барча айбловларни инкор қилмоқда. Тажрибали деҳқон барча агротехник тадбирларни қоидага кўра бажаргани, ерларга вақтида ишлов бергани, ўғит сепиш ва агротехник тадбирларни амалга оширганини айтмоқда. Озод Ражабовнинг сўзларига кўра, у ташландиқ ва ҳосилдорлиги паст бўлган ерларни 1 йил давомида «тарбиялаб», эпақага келтирган, бунинг учун жуда катта меҳнат ва 200 млн сўмга яқин маблағ сарфлаган. Фермер ердан маҳрум қилингани учун барча харажатлар қоплаб берилишини талаб қиляпти.

Таажжубга соладиган яна бир жиҳат шундаки, Қўшкўпир тумани ҳокимлиги ерни захирага қайтариш ҳақидаги қарор чиқарган куниёқ, яъни 12 май куни «Иззат» фермер хўжалиги томонидан чигит экилган 17 гектар ер майдони трактор билан суриб ташланган.

Чап томонда чигит униб чиққан дала майдони, ўнг томонда шу дала майдони трактор билан бузиб ташланганидан кейинги ҳолат

«Иззат» фермер хўжалиги экинларни кам эккани, агротехника ишларида нуқсон борлиги, натижада ҳосилнинг кам бўлиши, режа бажарилмай қолиши мумкинлиги ҳақидаги хулоса нима учун мавсум ўртасида берилмоқда? Балки бу ишларнинг кузда, ҳосил йиғиб олинганидан сўнг, режалар бажарилмаганидан билиб олиш, иш натижасига қараб баҳо бериш мантиқан тўғри бўлмайдими? Буни суд ҳам ўз қарорида кўрсатиб, «шартнома мажбуриятлари бажарилмай қолиш эҳтимоли мавжуд деган тахминлар билан даъвони қаноатлантириш мумкин эмас», деб кўрсатган.

Бундан ташқари, шартномада «ижарага олувчининг айби билан мунтазам равишда (3 йил мобайнида) нормативдаги кадастр баҳосидан кам миқдорда ҳосил олинганда ижара шартномани бекор қилиш мумкинлиги» кўзда тутилган эмасми?

Трактор билан бузиб ташланган пахта даласи

«Иззат» фермер хўжалиги раҳбари Иззат Ражабов билдиришномани ёзмаганини ва унга имзо чекмаганини таъкидламоқда. Аммо муҳр босилган қоғоз қаердан пайдо бўлгани ҳақида тахминлар бор. Гап шундаки, туман ҳокимликлари фермерларни оқ қоғозга муҳр босиш ва имзо қўйдириб олиш амалиётидан кўп йиллар давомида фойдаланиб келмоқда.

Бу иш фермерларни тизгинда ушлаб туриш, босим уюштириш, ўз йўриғига юритиш, мавсум охирида эса ҳосил режасидаги камчиликларни «тўғрилаб юбориш» учун қилинган ва қилиняпти.

Фермерлар пахта ва ғалла етиштириш шартномасининг бўш бланкасини (яъни экиладиган ер майдони ва режадаги ҳосил кўрсатилмаган бланкани) имзолаб, муҳрлаб беришга мажбурланади. Ҳатто шартнома фермернинг қўлига берилмайди. Фермерга «фалон гектарга экин экасан» деб оғзаки топшириқ бўлади. Йил охирида ҳосилнинг яхши ёки ёмон бўлишидан келиб чиқиб, бўш қолдирилган катакка кўрсаткичлар (ер майдони ёки режадаги ҳосил) ошириб ёки камайтириб ёзилади. Агар ошириб ёзилса, фермер қўшимча ҳосил топширишга мажбур бўлади. Агар камайтириб ёзилса, унинг ортиқча ҳосили режани бажармаган фермерлар ҳисобига ўтказилади. Йиллар давомида фермерлар мана шундай шароитда ишлаяпти. Уларда ҳуқуқ йўқ, фақат мажбурият бор. Фермер маҳаллий ҳокимларга том маънода қарам ҳолатда ушлаб турилади. Бўш қоғозга муҳр босиш ва имзо чекишни истамаган, «бўйсунмас» фермерлар «ўйиндан чиқарилади». 

Энди «Иззат» фермер хўжалигида ер йўқ. Шу жойда меҳнат қилиб, рўзғор тебратиб юрган 18 нафар ходим ҳам ишсиз қолди. Афсуски, халқимиз учун оғир бўлиб турган бундай вазиятда уларнинг ва оиласининг тақдири ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Kun.uz таҳририяти прокуратура органлари «Иззат» фермер хўжалиги раҳбарининг имзоси қалбакилаштирилганлиги ҳолатини жиддий ўрганиб чиқиши лозим деб ҳисоблайди.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид