Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони билан мамлакатимиздаги ҳар бир туманда (шаҳар) иккитадан, 2019 йилдан эса учтадан қишлоқда (маҳалла) дастур доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилиши белгиланган.

Мазкур фармон асосида чекка ва олис қишлоқлар аҳолиси турмуш тарзи, ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш, мавжуд инфратузилма, коммуникация тармоқларини замон талабларига мослаштириш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини тубдан ошириш, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, пировардида, одамлар турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган катта ишлар бошланган эди.

Хўш, белгиланган тадбирлар қандай амалга ошириляпти? Ишлар сифатли бажариляптими ёки муаммолар борми?

Тан олиб айтиш керакки, «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилаётган ишларни барча ҳудудларда бирдек олиб бориляпти, деб бўлмайди. Белгиланган чора-тадбирлар якунига етмай қолаётгани, бир қатор муаммолар мавжудлиги, бу эса аҳолининг турли эътирозларига сабаб бўлиши ҳолатлари учрамоқда.

Kun.uz таҳририятига шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги «Алақўйлиқ» маҳалласи аҳолисидан келди.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, маҳалла аҳолисининг эътирозларини тингладик.

«Маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастурига тушганини эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Афсуски, бугунги кунда маҳалламизда аҳвол яхшиланмаётгани, мавжуд муаммолар ҳал қилинмаётганлиги бу қувончимизни йўққа чиқарди. Йўлларнинг маълум қисми таъмирланган бўлса-да, ички йўллар таъмирталаб ҳолича қолмоқда. Ёғингарчилик вақти бу ички йўллар лой бўлганидан юриб бўлмайди. Симёғочлар бир аҳволда, ўзимиз ўрнатганмиз. Ўзимиз электр симларини ўтказганмиз. Ичимлик сувида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд. Бу муаммолар ҳал қилинмаса, қишлоқ аҳли бирор ижобий ўзгаришни ҳис қилмаса, «Обод қишлоқ» дастуридаги лойиҳалар фақат қоғозда қолиб кетса, бундан аҳолига нима наф?», — дейди биз билан суҳбатда маҳалла аҳолиси.

Фуқароларнинг эътирозлари асосида «Алақўйлиқ» маҳалласи ҳудудини кўздан кечирдик. Маълум бўлишича, ушбу маҳалла жорий йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Аммо ўтган вақт ичида амалга оширилган ишларни ҳақиқатан ҳам қониқарли деб бўлмайди.

Хусусан, маҳалла ҳудудидаги «Алақўйлиқ» қишлоғидаги ҳолатлар ачинарли. Ички йўллар етарлича таъмирланмаган. Айниқса, симёғочларнинг ҳолатига «маймунлар йиғлайди». Сабаби, ушбу симёғочларни (агар симёғоч дейиш мумкин бўлса) кичик-кичик ёғочлардан фуқароларнинг ўзи ўрнатган. Ҳаттоки, электр симларини ҳам ўзлари ўтказган. Бу эса хавфли кўриниш олган.