Ўзбекистон | 16:01 / 03.09.2019
6214
2 дақиқада ўқилади

Лихачёв Тошкентда МИФИ филиали очилиши «Росатом» учун шараф эканлигини айтди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

«Росатом» бош директори Алексей Лихачёв Тошкентда Россия миллий ядро тадқиқот институти “Москва инженерлик-физика институти”нинг филиали очилишини Россия корпорацияси учун шараф деб атади.

«Филиал очилиши – биз учун шараф, улкан ғурур ва чақириқ. Бу МИФИнинг хориждаги биринчи филиали. Унинг айнан Ўзбекистонда очилиши рамзий маънога эга», – деди Лихачёв олий ўқув муассасасининг тантанали очилиш маросимида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда АЭС қурилиши халқлар ўртасидаги ҳамкорлик учун бир асрлик тамал тошини қўяди.

«АЭС қуриш лойиҳаси – бу ўнлаб йилларга мўлжалланган лойиҳа. Станциямизнинг ўртача хизмат муддати 60 йил, яна 20-30 йил, ҳатто 40 йилгача узайиши мумкин. Шу тарзда биз соҳаларимиз, халқларимиз ўртасида бир асрлик ҳамкорликни таъминлаймиз», – деди «Росатом» раҳбари.

3 сентябрь куни Тошкентда Россия миллий ядро тадқиқот институти “Москва инженерлик-физика институти”нинг хориждаги биринчи филиали тантанали равишда очилди. Филиалнинг барча битирувчилари Ўзбекистон ва хорижда тан олинадиган Россия намунасидаги дипломга эга бўлишади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид