Ёзнинг энг шов-шувли трансфер афсонаси якунланди. Барча томонлар норози бўлса-да, Неймар фаолиятини «ПСЖ»да давом эттирадиган бўлди.
2017 йил августида минглаб фанатлар футбол трансфери мўъжизасини кўриш учун Париж кўчаларига чиқишганди. Сайёранинг энг машҳур футболчиларидан бири бўлган Неймар рекорд нарх эвазига «Пари Сен-Жермен»га ўтган, шайхлар унинг учун 222 миллион евро тўлашганди. Ўшанда бу трансфер уддалаб бўлмас ишдек кўринганди, бу болалар эртакларининг рўёбга чиқиши эди, гўё. Бу эртакка ҳатто УЕФА ишонганди: ишонди ва — молиявий фэйр-плей учун жамоани жазоламади, гарчи «ПСЖ» доирадан чиқиб кетган бўлса-да. Мўъжизага фақат шайхлар ишонишмаганди. Улар ҳар эҳтимолга қарши Неймарнинг шартномасига ахлоқ бўйича алоҳида бандлар киритишди. Бразилиялик футболчи одобли бола бўлиши, жамоада гуруҳбозлик қилмаслиги, фанатларга ҳамиша жилмайиб қараши ва ҳеч қанақасига «Пари Сен-Жермен» клуби имижига зарар келтирмаслиги керак эди.

Лекин Неймар худди «Барселона»га садоқат учун бонусларни оқламаганидек, парижликлар клубида ҳам бундай бонусларга муносиб бўлмади.
Жароҳатлар ва зиддиятлар
Неймар диққат марказида бўлиши кутилганди ва шундай бўлди ҳам. Аммо шайхлар истаганидек эмас. Париждаги икки йил мобайнида бразилиялик футболчи ҳакамларни сўкди, мухлислар билан жанжаллашди, бошқа жамоа футболчилари билан ҳам жиққамушт бўлди. У ўзини асосий пенальтист қилишни талаб қилиб парижликлар клуби кийим алмаштириш хонасидаги муҳитни ҳам бузди. Клуб футболчилари ҳар сафар рақиб дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланганда ғамгин ҳолга тушиб, Кавани ва Неймар тўп учун қандай талашаётганини кузатишарди. Ўйинлардан кейин эса бразилиялик футболчи матбуотда ўзини тушунмаётганликлари ҳақида жар соларди. Бундан ташқари, унинг қилиқлари жонига теккан рақиблар майдонда тез-тез Неймарнинг оёқларига тепишарди. Оқибатда — кўп сонли жароҳатлар туфайли у парижликларнинг ўйинларининг учдан бир қисмида иштирок этмади.

Қаторасига икки мавсумда клуб Неймарсиз Чемпионлар лигасини тарк этди. Бу 2016 йилда бразилиялик футболчи «Барселона» таркибида ўйнаб, «ПСЖ»ни турнирдан чиқариб юборганидан кўра хунукроқ манзара эди. Ахир шайхлар «Манчестер Юнайтед»га ютқазиб турнирдан чиқиб кетиш ёки ҳамиша чўлоқланиб юрадиган Неймарга катта маошлар тўлаш учун лойиҳага катта пуллар тикишмаганди.
Иккинчи трансфер эртаги
«Барса» президенти Хосеп Бартомеу «дарбадар ўғил»нинг қайтишига қарши эмаслигини яширмади. Лекин муаммо нархда эмасди, гап шайхларнинг каталонияликлар билан муносабатида эди: Чемпионлар лигасидаги 1:6 ҳисоби туфайли Носир Ал-Хелайфи «Барса»нинг сўзларини эшитишни ҳам истамасди. Қолаверса — Неймарнинг қайтиши бўйича музокаралар ўтказиш очиқчасига ўз хатосини тан олиш ҳисобланарди. Бундай қадам шайх учун таҳқиромуз ҳолат бўларди. Аммо музокаралардан қочишнинг имкони йўқ эди: бразилиялик футболчи тинмай тўполон қилар, ҳаётидан норозилик билдирарди, интервьюларидан бирида эса ҳалигача ЕЧЛда «ПСЖ» устидан қозонилган тарихий ғалаба ҳақида илиқ хотираларни эслаб туриши ҳақида гапирди. Унинг бу даражадаги ношукрлиги ва сурбетлигидан кейин, Париж истамайгина музокараларга киришди.















