«Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия чемпионати янги мавсумининг асосий кашфиёти бўлиб турибди. 24 ёшли футболчи Премьер-Лига доирасида 8 марта майдонга тушиб, 7та гол урган ва тўпурарлар рўйхатида карвонбошилик қилмоқда. Унинг жамоаси эса «Краснодар» ва «Зенит» билан бирга пешқадамлар сафида бормоқда. Қайд этиш жоизки, ҳали ўзбекистонлик футболчилардан ҳеч ким Россия чемпионати тўпурарлари рўйхатида биринчи бўлмаган эди.

Футбол статистикасига ихтисослашган Whoscored портали маълумотига кўра, Шомуродов дастлабки 8 турнинг энг яхши уч нафар футболчисидан биридир. Элдор жамоадоши, ҳимоячи Дмитрий Чистяков ва «Спартак» ҳимоячиси Самуэл Жиго билан биргаликда рейтингда энг юқори - 7,7 балл тўплаган. Бир неча марта турнинг рамзий терма жамоасига киритилган.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон шаҳрида туғилган Элдор Шомуродов учун Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти ҳам муваффақиятли кечмоқда. 2019 йилда Элдор 8 марта майдонга тушиб, 7та гол урди. Ваҳоланки, бундан олдинги 28та ўйинида 6та гол урган эди. Умумий ҳисобда у 36та ўйинда рақиблар дарвозасини 13 марта ишғол этган.

Шубҳа қилмасак ҳам бўлади, Шомуродовнинг 2019 йилги ютуқлари Европа клубларининг скаутлари назаридан четда қолмаган. Улар аллақачон Элдорни ён дафтарчаларига ёзиб, «кузатув рўйхатига» қўшиб қўйишган бўлса ажаб эмас. Бундай вазиятда болалайдиган миш-мишлар эса уни ЦСКА, «Галатасарой», «Шальке» ва «Манчестер Юнайтед» клублари қизиқиш доирасига киритиб қўйди. Аммо «қизиқиш билдириш» бу ҳали трансфер амалга ошади дегани эмас. Ҳар йили топ-клубларнинг скаутлари минглаб футболчиларни кузатиб боришади. Якунда уларнинг саноқлиси энг яхши клубларга ишга жойлашади. Элдор бу даражага етиши учун ҳали кўп меҳнат қилишига тўғри келади.

Албатта Шомуродовнинг ютуқларини ўзбек футбол мухлислари ва мутахассислари ҳам мамнуният билан кузатиб боришмоқда. Максим Шацких порлаган даврлардан кейин футболимизда илк маротаба нафақат миллий жамоада, балки Европа майдонларида ҳам юқори савияда тўп тепаётган голурар футболчи пайдо бўлди. ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари арафасида бу қувонарли ҳол ва мухлисларда яхши умидни уйғотмоқда.

2014 йили ўзбек футболидаги энг яхши ҳужумчилардан бири Максим Шацких миллий жамоадаги фаолиятини якунлагач, «оқ бўрилар»да барқарор голурар футболчининг ўткир танқислиги юзага келди. Максим Киевнинг «Динамо» клубидаги ўйинлари билан танилган, Европада ном қозонган, Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар (34та гол), Украина чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар (124та гол), еврокубокларда «Ньюкасл» (Англия), «Фенербахче» (Туркия), «Реал» (Мадрид, Испания), «Байер» (Леверкузен, Германия), ПСВ (Нидерландия), «Андерлехт» (Бельгия), «Ювентус» (Италия) ва «Арсенал» (Лондон, Англия) клублари дарвозасини ишғол этган ноёб истеъдод соҳиби эди.