Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг:

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги A/RES/45/106-сон резолюцияси билан эълон қилинган 1 октябрь – “Халқаро кексалар куни”ни Ўзбекистон Республикасида ҳам ҳар йили ушбу санада кенг нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтасини “Кексалар ҳафталиги” этиб белгилаш;

Кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини янада ошириш ҳамда “Кексалар ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 2 апрелдаги ПФ-5700-сон Фармони билан ташкил этилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг Намунавий низоми тасдиқланиши тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ва ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;

маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ва аҳолининг айниқса ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда фаоллик кўрсатиш;

маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;

кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

маҳаллаларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, оммавий спорт мусобақаларига ёшларни қизиқтириш ва кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш;