Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги 180-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига Тошкент автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежининг бўш турган биноси вақтинчалик фойдаланишга берилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилмоқда.
Билдирилишича, 180-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби биноси 1963 йилда қурилган бўлиб, таълим маскани 964 ўринга мўлжалланган. Ҳозирги кунда мактабда 2021 ўқувчи таҳсил олмоқда.
Ўтган ўқув йилида 167-сонли (180А) давлат умумтаълим муассасаси 180-ИДУМга тармоқ мактаби сифатида бириктирилган. Мазкур мактаб 520 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ўқувчилар сони кўпайган.
Ўқувчиларга таълим олиш учун шароит яратиш мақсадида 180-ихтисослаштирилган мактабга 1,2 минг ўринга мўлжалланган Тошкент автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежи биносидан 2019-2020 ўқув йилида вақтинчалик фойдаланиш имконияти берилди, дейилади хабарда.















