Спорт | 16:28 / 11.09.2019
46454
3 дақиқада ўқилади

Арда Туран озодликдан маҳрум этилди

Трансфер ҳуқуқи «Барселона»га тегишли бўлган, «Истанбул Башакшеҳир» клубига ижарага берилган туркиялик яримҳимоячи Арда Туран ноқонуний қурол сақлаш, тунги клубда қасддан ҳужум қилиш ва тўппончадан ўқ отишда айбланиб, 2 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар тарқатди. Шу билан биргаликда, ҳавбек «Жинсий зўравонлик» моддаси бўйича оқланган.

Футболчининг ўзи чиқарилган ҳукмга муносабат билдирган.

«Ниҳоят барчаси якунланганидан хурсандман, мен эса ҳеч нарсада айбдор эмасман. Мен қонунга қарши иш қилмадим, кўрсатма берган гувоҳлар бор эди. Мен шунчаки оиламни боқиш учун ўз ишимни қиладиган профессионалман», — дея унинг сўзларини келтирмоқда Digi Sport.

2018 йилнинг октябрида Туран машҳур туркиялик қўшиқчи Беркай Шаҳин билан содир бўлган воқеадан кейин 370 минг евро миқдорида жаримага тортилганди. Футболчи қўшиқчининг рафиқасига тегажоғлик қилган, шундан кейин футболчи Шаҳиннинг бурнини синдирганди.

Футболчи ўшанда шифохонага бориб, жабрланувчидан узр сўраган. Туран шифохонага тўппонча олиб бориб, уни қўшиқчига берган ва деган: «Мен у сенинг рафиқанг эканини билмагандим. Бунинг учун кечир. Истасанг, мени отиб ташлашинг мумкин». Қўшиқчи эса тўппончани қўлига олишни истамаганди.

Бу воқеадан кейин туркиялик футболчи 12,5 йил муддатга қамалиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

2017 йилнинг ёзида Туркия терма жамоаси устози Фотиҳ Терим Арда Туранни ўзи билан бир самолётда учган журналистни бўғганидан кейин терма жамоадан четлатганди. Терма жамоанинг янги бош мураббийи Мирча Луческу уни терма жамоага қайтармаслигини маълум қилган. Шундан сўнг футболчи терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилган.

2018 йилнинг мартида у рафиқаси ҳақида сўраган бошқа бир туркиялик журналистга унинг бошини олиб ташлаш билан таҳдид қилганди.

2018 йилнинг майида эса футболчи чемпионатнинг ўтган мавсуми 32-тури доирасида «Сивасспор»га қарши ўйинда ҳакамга ҳужум қилгани учун 16 ўйинга дисквалификация қилинганди.

Маълумот учун, Арда Туран 2018 йилнинг 11 мартида Аслихон Дўғанга уйланганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва рафиқаси никоҳ маросимида гувоҳ сифатида иштирок этишган. 

Мавзуга оид