Совуқ мавсум бошланиши билан аҳоли учун энг катта муаммолардан бири бўй кўрсатади. Доимгидек, электр муаммоси.

Электр таъминотидаги узилишлар деярли барча соҳани шол ҳолатга келтириши эса кундек равшан.

Кеча, 9 сентябрь куни Фарғона водийсида кузнинг биринчи ёмғири ёғиб, бундай буён ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш кераклигини эслатиб қўйди.

Тўрақўрғон ИЭС ишга тушиб, водий аҳлининг кўнгли кўтарилгани рост. Бироқ, симёғочлар, ҳаво линиялари, трансформаторлар ҳали совуқ мавсумга тайёр эмас, чоғи...

Шу куни озгина шамол эсиб, бир-икки томчи ёмғир ташлади ва жуда кўплаб одамлар токсиз қолишди.

Шу оқшомда Андижон вилоятида чироғи ўчмаган туман бўлмади. Қўшни Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам деярли шу аҳвол кузатилган.

Наҳотки, энергетиклар куз-қиш мавсумига тайёр эмасдилар? Мурожаат қилсангиз, ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорларга асосан «фалонча симёғоч, неча минглар километр линия, трансформаторлар ўрнатилгани» ҳақида ҳисобот оласиз.   

«Бутун дунё коинотни забт этаман деб турганда, қачонгача электр муаммоси билан яшаймиз?», дея савол беришмоқда мурожаатчилар. 

Андижон: «Андижоннинг Олтинкўл туманиданмиз. Кеча кечқурун кузнинг биринчи шамоли бўлди, кейин ёмғир ёғди. Шамол бошланиши билан электр ўчди. Кейин билсак, туманни ярмида эрталабгача бўлмабди. «Электр тармоқлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрганмикан», деб ўйланиб қолдик. Ҳаво линияларини таъмирлаш ишлари қилинмаган, чоғи. Ахир рўзғорда электрсиз яшаш қийин. Болалар дарс тайёрлашмади. Чўчиб қолдик. Туман марказига яқин, Иттифоқ, Сарой маҳаллаларида, Чаққон, Маслаҳат қишлоқларида ҳам шу аҳвол. Ҳали куз, қиш кунлари олдинда. Ҳеч ўнгланмас экан-да. Электр тармоқларига телефон қилиб тушиб бўлмайди».

Кеча Шаҳрихон, Пахтаобод, Асака туманларида ҳам электр энергиясидан узилишлар бўлган.

Наманган: «Наманган шаҳар, Амир Темур кўчасида ҳам электр ўчиб, эртасига ёнди. Куз энди бошланди. Электрчиларнинг қишга тайёргарлигидан шубҳамиз бошланди. Болаларни дарс тайёрлашига, уйни ёритишга, кийим дазмоллашга электр ахир».

Фарғона: «Бешариқ тумани, Қият қишлоғида яшаймиз. Шамоллар мавсуми бошланиши билан ток ўчишни бошлайди. Электр тармоқларига мурожаат қиламиз, ёқиб кетишади. Агар кечаси ўчса, келишмайди эртасига ёнади. Ўрганиб кетганмиз. Кеча яна ўчди. Бу йил ҳам шу аҳвол бўлар экан-да...»