Ўзбекистон бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Қурилиш соҳасида бўлаётган янгиликлар, соҳа олдига қўйилган вазифалар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари ҳақида Қурилиш вазирининг ўринбосари Шуҳратхўжа Раҳматжонович Ҳошимов билан суҳбатлашдик.
«Қурилишда коррупция ва ташмачиликнинг олдини олиш, сифатнинг йўқолишини бартараф этиш қурилишда ишловчи ходимларнинг, назоратчиларнинг маошларини ошириш масалалари кўриб чиқилмоқдами?» деган саволга вазир ўринбосари шундай жавоб берди:
— Очиқ айтишимиз керак, бугунги кунда буюртмачи хизмати институтини ўз ўрнига қўйиб, ривожлантиришимиз керак. Чунки қурилишдаги асосий «дирижёр» — буюртмачи ҳисобланади. Буюртмачи қурилишнинг лойиҳасидан тортиб, уни фойдаланишга топшириш учун масъул.
Бугунги кунда буюртмачи хизматини кадрлар билан таъминлаш, уларнинг техник базасини мустаҳкамлаш, тегишли низомларни ишлаб чиқиб, объектларда буюртмачи томонидан тўлақонли назоратни жойига қўядиган бир ҳужжат ишлаб чиқишга эҳтиёж бор, назаримда.
Иккинчи масала — қурилиш соҳасидаги буюртмачиларнинг иқтисодий нуқтаи назардаги масалаларини ечиш учун тегишли асосларини ҳам қайта кўриб чиқиш керак.
Агар қилинадиган ишлар ҳажми кўпайса, улар зарур миқдорда техник-назорат ходимларини ишга қабул қилиш имкониятига эга. Буюртмачиларнинг харажатлари, деган тушунча бор, шуни ҳисоб-китоб қилишда бироз юзаки ёндашишади. Иқтисодий жиҳатдан масалага юзаки ёндашгани учун уларда дисбаланс пайдо бўлади. Яъни, ишни қилиш керак, бироқ унинг иқтисодий асоси йўқ. Буларнинг барчасини бир-бири билан чамбарчас боғлаб, иш ақл-идрок билан тўғри ташкиллаштирилса, бу муаммоларнинг барчасини ечиш мумкин, — дейди Шуҳратхўжа Ҳошимов.
Шунингдек, вазир ўринбосари қурувчи институтининг иқтисодий, ташкилий тузилма масалалари, улар томонидан олиб борилаётган ишларни бир тизимга солиш кераклигини таъкидлади. Бунда барчаси қабул қилинган қонунчилик меъёрий ҳужжатлари доирасида ва ҳисоб-китоблар билан асослантирилган бўлишини айтиб ўтди.
Давлат маблағлари эвазига олиб борилаётган қурилиш ишларини шаффофлаштириш механизмини жорий этиш масаласида Шуҳратхўжа Ҳошимов шундай деди:
— Аввалдан ўзбек менталитетида оилани ҳалол луқма билан боқиш, масъулиятни ҳис қилиш, ишга нисбатан ҳурмат ва ишлаш маданияти каби жиҳатлар бўлган. Бунга исбот — юртимиздаги бир неча асрлар муқаддам қад ростлаган бинолар ҳануз барчани ҳайратга солиб келмоқда. Бу ўша пайтлар қурилиш маданияти, савия нечоғлик юқори бўлганидан далолат беради.






