Бугун, 11 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Абдуҳамид Жўраев берган маълумотларга кўра, жамият 2019 йилда Ўзбекистон миллий электр тармоқлари бўйича жами 51,6 млрд. кВт. соат электр энергиясини транспортировка қилиш мажбуриятини (иш ҳажмини) олган, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 104,2 фоизни ташкил этиши режалаштирилган. 2019 йилнинг январь-август ойларида жами 32,9 млрд. кВт. соат электр энергияси транспортировка қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,4 фоизни ташкил этади.
Шу ўринда Энергия ресурслари ва энергия ишлаб чиқариш хом ашёлари нархлари ҳам эълон қилинди:
- 1 тонна мазут — 2 млн 800 минг сўм;
- 1000 м3 табиий газ — 660 минг сўм;
- 1 тонна кўмир (Ангрен) — 288,8 минг сўм;
- 1 тонна кўмир (импорт) — 328,5 минг сўм;
- 1000 м3 ер ости газ — 92,9 минг сўм;
- 1 кВт.с электр энергия (юридик истеъмолчилар учун) — 450 сўм;
- 1 кВт.с электр энергия (аҳолига) — 295 сўм;
- 1 Гкалл иссиқлик энергияси — 162,6 минг сўм.
Тадбирда янги жорий қилинган ва қилинаётган электр ҳисоблагичлар, хусусан уларнинг ортиқча ҳисоблашига оид хабарларга ҳам батафсил шарҳлар берилди. Ақлли ҳисоблагичлар ҳар қандай кичик мослама (жумладан, телефон қувватлагич) сарфини ҳам ҳисоблаши эслатиб ўтилди.

Шунингдек, истеъмол маданиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Энергетика вазирлиги тизимидаги жамият бош бошқармаси бошлиғи Абдурашид Мирзаев аҳоли жуда кўп электр энергияси сарфлаётганини қайд этди.
«Мен бир қўшимча қилмоқчиман. Одамларда тежаш деган нарса йўқ. Истеъмолчи ўзи билиши керак қанча ишлатишини. Хоҳлаган нарсасини улаб олаверса, кабел кўтармай куйиб кетса. Бунинг зарари бозоргаям тушади, янги трансформатор ўрнатиши керак бўлган ташкилотга ҳам...
Бутун дунёдаги энг ривожланган давлатлардан ҳам кўпроқ электр энергияси истеъмол қиларканмиз. Жуда кўп истеъмол қиламиз. Нафақат аҳоли, ташкилотлар ҳам.






