Ўзбекистон | 13:44 / 13.09.2019
6379
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Франция Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Изабель Сервоз-Галлуччини қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қила туриб, вазир элчини тайинлов билан қутлаган ва унга омад тилаган.

Бўлиб ўтган суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон – Франция мулоқотини сифат жиҳатдан янги даражага кўтарган 2018 йилда Францияга расмий ташриф доирасидаги президент Шавкат Мирзиёевнинг президент Эммануэль Макрон билан олиб борган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.

Сиёсат, иқтисод, туризм, маданият ва таълим каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан томонларнинг манфаатдорлиги тасдиқланди.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмларини ошириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш нуқтаи назаридан минтақавий хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Виолен де Вильмор Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси эди, у август ойида дипломатик миссиясини якунлади.

Мавзуга оид