Сўнгги кунларда олий таълим тизимида кузатилаётган ўзгаришлар аҳоли орасида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Контракт миқдорининг яна ошгани, стипендия қийматининг камайгани билан боғлиқ турли миш-мишлар, чин ёки ёлғонлигини аниқлаш қийин бўлган гап-сўзлар, тушунмовчиликлар кўпайди. Хўш, аслида нималар ва нега ўзгарди?

Контракт нархи 18 фоизга қимматлашди. Сабаб ─ харажатлар кўп!

2019 йил сентябрь ойидан бошлаб олий таълим муассасалари учун тўлов-контракт миқдори 18 фоизга ошди. Бунга асос сифатида таълим харажатлари ортиб бораётгани кўрсатилмоқда.

«Олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари, коммунал хизматлар тарифи ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасаси харажатлари даромадига нисбатан 74 фоизга ўсган. Шунингдек, ёшларни олий таълим билан қамраш кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортди, талабалар контингенти 126 минг нафарга кўпайди. Бу олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, ўз навбатида қўшимча харажатни талаб этади. Шу боис, контракт нархи ҳам ошди. Аслида контракт пули таълим харажатларини тўлиқ қоплаши керак, лекин ҳозир бизда фақат 68 фоизини қоплаяпти, холос. Қолган қисмини эса олий таълимда кадрлар тайёрланишидан манфаатдор бўлгани учун давлат бюджетидан қопланмоқда. Лекин давлат даромадининг ҳам чеки бор. Агар контракт нархи камайтирилса, чегирма ҳисобидаги бўшлиқни тўлдириш ҳам давлат бюджети ҳисобига тушади. Лекин бюджет ҳам халқдан олинадиган пул ҳисобига тўлдирилади-ку», дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов.

Сарвар Бузрукхонов

Икки хил контракт шакли жорий этилди: стипендияли ва стипендиясиз

2019 йилдан бошлаб стипендияли ва стипендиясиз контракт шакли жорий этилди. Стипендияли контрактда талаба ҳар доимгидек ўз стипендиясини ойма-ой олади ва белгиланган контракт суммасини тўлиқ тўлайди. Стипендиясиз контрактда эса талаба 12 ой давомида оладиган стипендиясининг умумий суммасини (400,000х12=4,800,000) бир йиллик контракт нархидан чегириб қолган ҳолда, қолган суммани тўлаши мумкин бўлади.

Бу тизим бакалавр, магистрларнинг барчаси учун, шунингдек, супер-контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий этилади.