Ижтимоий тармоқларда 8 сентябрь куни Самарқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида туғилган кун ёки тўй ўтказилгани ҳақидаги видео катта мунозараларга сабаб бўлмоқда.
«Тарихий обиданинг ичида бунақа «байрам» ўтказиш мумкинми? Ким бўлган тақдирда ҳам. Тадбир қиламан деса шаҳримизда муҳташам ресторанлар бор эди-ку?» деб савол бермоқда фойдаланувчилар.
Маълум бўлишича, Улуғбек мадрасасида ҳеч қанақа тўй ёки туғилган кун нишонланган эмас.
Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари И.Неъматовнинг 2019 йил 30 июлдаги хатида АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари Конгресси раҳбари Борис Қандов бошчилигидаги делегациянинг юртимизга (80 нафар) 2019 йил 2–9 сентябрь кунлари «Зиёрат туризми» дастури асосида ташриф буюриши қайд этилган.

Мазкур дастурга асосан, 6 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида «Америка ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик масалалари»га бағишланган бизнес форум ва бошқа тадбирлар билан биргаликда, 8 сентябрь куни «Регистон» ансамблида меҳмонлар учун қабул маросими ўтказилиши режалаштирилган.
7 сентябрь куни «Регал Палас» меҳмонхонасида меҳмонлар учун вилоят ҳокимлиги томонидан расмий қабул ўтказилиб, тадбирда санъаткор, Ўзбекистоннинг Исроилдаги туризм элчиси Хай Давидов чиқиши бўлиб ўтди.
Дастур доирасида 8 сентябрь куни Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида «Ор Авнер» синагоги, Самарқанд яҳудийлар бирлашмаси томонидан делегация аъзолари учун қабул ўтказилган.

Самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳоновнинг ўз блогида маълум қилишича, Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов ушбу тадбирни ўтказишга ўзи рухсат берган бўлса-да, ҳокимлик айбни Ташқи ишлар вазирлигига ағдаришга ҳаракат қилмоқда. Гўёки, тадбир ТИВнинг 2019 йил 30 июлдаги хати асосида амалга оширилгандек. Ҳолбуки, ТИВ ўзининг юқоридаги хатида «Регистондаги банкет» деб номланган тадбир ва бошқаларни ўтказиш масаласини Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан «ваколат доирасида тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш» учун йўналтирган, холос.












