Жаҳон | 01:37 / 14.09.2019
28506
3 дақиқада ўқилади

Сноуден: Агар Россия разведкаси билан ҳамкорликка рози бўлганимда, саройда яшаётган бўлардим

Фото: AP

АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими, Россияда бошпана сўраган Эдвард Сноуден АҚШга қайтишга ва суд олдида жавоб беришга тайёрлигини, бироқ суд жараёни адолатли ва холис бўлиши кераклигини айтди.

Сноуден National Public Radio радиостанциясига берган интервьюсида суд ҳакамларига нима учун журналистларга махфий ахборотни тақдим қилгани ҳақида сўзлаб бермоқчилигини айтган. Унинг айтишича, ҳакамлар у тўғри йўл тутган-тутмаганини баҳолаш учун у ошкор қилган махфий маълумотларни кўздан кечира олишлари керак. 

“Агар ҳакамлар бирор маълумотни ошкор қилиш тўғри бўлгани ёки йўқлигини баҳолай олмасалар, сизда маълумотни ошкор қилиш бўйича адолатли суд тафтиши бўла олмайди”, деб айтган Сноуден.

Махсус хизматларнинг собиқ ходими Россиядаги ҳаётни ўзи танламаганини айтган. У 27 та давлатда, жумладан Германия ва Польшада бошпана сўраган, бироқ бу давлатлар Москвадан фарқли равишда, АҚШ томонидан жавоб чоралари кўрилишидан қўрқишган.

Унинг айтишича, Россия разведка хизматлари унга ҳамкорликни таклиф қилишган, бироқ у буни рад этган ва агар рози бўлганда унда аэропортда ўтказган 40 кун ўрнига “биринчи куниёқ у ерни лимузинда тарк этиб, ҳозирда саройда яшаётган, унинг шарафига эса Қизил майдонда парадлар ўтказилаётган бўларди”.

Сноуден 2013 йилда The Washington Post ва The Guardian нашрларига АҚШ ва Британия махсус хизматларининг интернетда кузатув олиб бориш дастурлари ҳақидаги махфий ахборотни берган. У дастлаб Ҳонгконгга, сўнгра Москвага учиб, у ерда Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида маълум вақт қолишига тўғри келган. 

Россия Сноуденга АҚШга қарши фаолиятини тўхтатиши кераклиги шарти билан бир йилга бошпана берган. 2014 йил августда у нафақат Россия бўйлаб, балки хорижга саёҳат қилишга имкон берувчи 3 йиллик яшаш ҳуқуқини олган. 2017 йилда ушбу ҳуқуқ яна 3 йилга узайтирилиб берилган.

Мавзуга оид