Ўзбекистон | 16:23 / 14.09.2019
86812
3 дақиқада ўқилади

«Сўнгги бир йилда истеъмол шу қадар кўпайгани даргумон» - иқтисодчи гўшт нархининг ошиши ҳақида

Фото: KUN.UZ

Иқтисодчи Юлий Юсупов Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистонда гўшт нархининг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан пост эълон қилди.

Юсуповнинг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовдан фарқли ўлароқ билдиришича, аҳолининг жуда ҳам кўп миқдорда гўшт истеъмол қилиши кузатилмаяпти.

«Нархларнинг ошиши билан боғлиқ муаммо бизнинг кўп гўшт истеъмол қилаётганимизда эмас. Сўнгги бир йил ичида истеъмол жуда ҳам кўпайиб кетгани сабабли нархлар бундай ошди, деб бўлмайди», - дея ёзади Юсупов.
 
Иқтисодчининг таъкидлашича, нархларнинг ошишига қишлоқ хўжалиги соҳасида эркин бозор йўқлиги муаммоси сабабдир. Бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектларни талабга эмас, балки «мансабдор шахсларнинг буйруғи»га боғлаб қўймоқда.

«Хўш, нега гўшт нархи шунчалик кўтарилди? Сабаби, фермерлар ўз ерини эркин тасарруф этиш ва талабгор маҳсулотлар етиштириш имконига эга эмас. Улар пахта ва ғалла бўйича буюртмани бажаришга мажбур», - деди Юсупов.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги унумдор ерларнинг барчаси «оқ олтин» фойдасига ишламоқда, ёмон ерлар эса озуқа экинларига қолиб кетиб, шу тариқа улар учун ҳар йили экин майдонларининг камайиши кузатилмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодчи Давлат статистика қўмитаси маълумотларини келтирган.

«2015 йилда Ўзбекистонда озуқа экинларини етиштириш майдони 327,1 минг гектарни, 2018 йилда эса 242,7 минг гектарни ташкил этди. 27 фоизга пасайиш. 1991 йилда озуқа экинлари учун экин майдони 1 миллион гектардан ортиқ эди. Ўшанда аҳоли сони 21 миллионга тенг бўлган. Ҳозир эса бизда 33 миллион фуқаро бор. Озуқа экинлари учун ер тўрт баравар камайган», - деб ёзади иқтисодчи.

Юсупов объектив қонуниятга асосланган: «ем йўқ - гўшт йўқ». Шунга кўра, таклиф етарли бўлмаса, нарх ҳам кўтарилади.

Иқтисодчи бу соҳани ислоҳ қилиш керак, деб таъкидлайди.

«Нархлар кўпинча ислоҳотлар амалга оширилаётгани учун эмас, балки амалга оширилмаётгани учун кўтарилади. Гўшт нархлари аграр ислоҳот ўтказганимиз учун эмас, балки уни ҳамон амалга оширмаганимиз учун ва фермерлар ўрта асрлардаги ҳолатда бўлганлиги сабабли ошди», - дея хулоса қилган Юсупов. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид