Спорт | 15:10 / 16.09.2019
10338
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик курашчилар учун жаҳон чемпионатининг учинчи куни муваффақиятсиз кечмоқда

Бугун, 16 сентябрь куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг учинчи кун беллашувлари давом этмоқда.

Бугун юнон-рим курашида ўзбекистонлик тўрт нафар спортчи ўз кучини синаб кўрди, аммо улар ҳозирча натижага эриша олишмади.

- 60 кг вазн тоифасидаги Элмурат Тасмурадов 1/16 финалда арманистонлик Геворг Ғарибянни мағлуб этди (7:0), аммо 1/8 финалда япониялик Кеничиро Фумитага ютқазиб қўйди (1:9).

-77 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Жалгас Бердимуратов биринчи босқичдаёқ венгриялик Тамас Лоринцга мағлуб бўлди (1:3).

Энг оғир вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Мўминжон Абдуллаев (-130 кг) эса дастлаб болгариялик Милослав Методиевга қарши баҳс олиб бориб, 3:1 ҳисобида устун келди. 1/8 финалда у хорватиялик Марко Косчевични 3:1 ҳисобида енгди, аммо у чорак финалда эронлик Амир Ғосемимонжезига қарши гиламга чиқиб, 1:3 ҳисобида ютқазди ҳамда Токио Олимпиадасига йўлланма олиш имкониятидан фойдалана олмади.

Энди бу спортчилар Олимпиадага йўлланма берувчи поғонага илиниши ва медалга курашиши учун уларни мағлуб этган курашчилар финалгача бориши талаб этилади.

15 сентябрь кунги баҳсларда иштирок этган, -97 килограмм вазн тоифасидаги Жаҳонгир Турдиев биринчи босқичдаёқ россиялик Муса Евлоевга ютқазганди. Лекин россиялик спортчи финалга етиб боргани туфайли унинг аввалги босқичлардаги рақибларида бронза медали учун курашиш имконияти пайдо бўлганди. Турдиев бугунги ўтиш баҳсларини япониялик Юта Нара билан курашишдан бошлаб, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо у кейинги босқичда польшалик Тадеуш Михаликка 3:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. 

15 сентябрь кунги баҳсларда ярим финалга чиқиб, Токио-2020 Олимпиадасига йўлланмани нақд қилган Рустам Ассакалов (-87 кг) эса бугун кечки дастурда бронза медали учун курашади. Ҳозирча унинг рақиби ким бўлиши маълум эмас.

Мавзуга оид