Дунё аҳолисининг ҳар еттинчи кишисига мигрень бегона эмас. Унинг аломатлари ҳақида қадимги юнонлар ҳам ёзиб қолдиришган. Қадимги дунё одамлари касаллик келиб чиқишида ёвуз руҳларни айблашган ва уларни ҳайдашга уриниб, одам бош суягида тешикча очишган. Ҳозирги кунда мигрень ҳақида билганларимиз аввалги даврникидан кўп ҳам фарқ қилмайди, аммо даволашнинг инсонпарвар йўллари мавжуд.

Мигрень нима?

Мигрень — ирсий касаллик бўлиб, асосий белгиси бошда тўхтаб-тўхтаб тутадиган оғриқдир, у пульсни ёдга солади. Унга доимо кўнгил айниши, эшитиш ва кўриш таъсирчанлиги ортиши қўшилади: одатий шовқин ва майин ёрқинлик ҳам ғашга тегади, кескин туйилади. Аммо барча белгилар бир вақтда содир бўлмаслиги мумкин. Мигреннинг биринчи аломатлари ёшликдан пайдо бўлади, масалан қизларда балоғатга етиш даврида ёки 20 ёшда. Энг юқори чўққи 30-40 ёшда кузатилади. Ёш ўтиши билан мигрендан азият чекувчилар сони камайиб боради.

Мигрень 4 соатдан 72 соатгача чўзилади ва турли давомийликка эга. Унинг бир ойда 15 кундан кам давом этиши эпизодик турга мансубдир. 15 кундан ортиқ давом этиши сурункали мигрень деб аталади. Уларнинг даволаш режалари ҳам мутлақо фарқли.

Аурали мигрень тури ҳам мавжуд. Аура — бош оғриғи пайдо бўлишидан аввал қисқа муддатли неврологик бузилишлар кузатилади: бош  айланиши, кўриш қобилияти вақтинча бузилиши, ҳаракат секинлашиши. Булар ярим соатда ўтиб кетади ва сўнгра бош оғриғи бошланади. Ҳаракат секинлашиши деганда панжа, билак, юз, тил қотиб қолиши тушунилади. 

Мигреннинг баъзи турлари (масалан, тананинг бир томонида ҳолсизлик билан намоён бўлувчи гемиплегик тури) бир гендаги мутация туфайли юзага келади. Шу сабабли, инсон нейронлар гиперҳаракатчанлигига мойил бўлади. Бу шуни англатадики, миянинг ҳиссий тебранишларга жавоб берувчи соҳалари осон қўзғалади.

Аммо мигреннинг аксарият турлари полигендир, яъни касаллик бир неча генлар омилида пайдо бўлади. Мигрень ташқи қўзғатувчиларга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин: очлик, уйқу етишмаслиги, хавотирланишлар.

Олимлар неврологик жараёнлар устида ҳали ҳам иш олиб боришяпти, аммо жумбоқнинг бир учи аллақачон ечилган. Масалан, мигрень сабабларидан бири бўлган қон томирлари кенгайишининг олдини олувчи янги дори воситалари ишлаб чиқилган.

Нима учун унинг қаердан келиб чиққани маълум эмас?