Қуйида бош нега айланиши, унинг айнан қайси хасталиклар билан алоқаси борлиги ва ниҳоят ундан қутулиш чоралари ҳақида маълумот берамиз.

Бош айланиши нима?

Бош айланиши чарчоқ ва беҳузурликнинг тўсатдан пайдо бўлувчи аломати бўлиб, бунда инсонга уни ўраб турган олам атрофида айланаётгандек туюлади. Жуда ёқимсиз ҳиссиёт бўлиб, деярли ҳушдан кетишгача олиб бориши мумкин. Бироқ, яхшиямки, ушбу хуружнинг бир ўзи ҳаёт учун хавфли ҳолатлардан дарак бериши жуда кам учрайди.

Бош айланиши ҳақида 3та факт:
1. Бош айланиши алоҳида касаллик бўлмай, турли хасталикларнинг аломати ҳисобланади: қон босими кескин тушишидан тортиб, ўта исиб кетиш ёки ўта даражада сувсашгача.
2. Бош айланишининг бир хуружи ҳеч қачон икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида содир бўлмайди — бу давр мобайнида организм нохуш ҳисга мослашишга улгура олади. Тўғри, вақт ўтиб бош айланиши яна қайталаниши мумкин.
3. Бош айланиши ҳар қандай ёшли инсонда кузатилиши мумкин, аммо кексаларда тез-тез учрайди — 70 ёшдан ошган одамларнинг 20 фоизигача бўлган қисми бу муаммога дуч келишади. Катта ёшлилар ўртасида аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ азият чекишади.

Нимадан бош айланади?

Агар биз мигрен, спиртли ичимликлар ёки маълум дори-дармонларни қабул қилиш билан боғлиқ бош айланиши ҳақида қайғурмаётган бўлсак, унда гап бош айланишининг энг кенг тарқалган тури — яхши сифатли пароксизмал позицияли бош айланишида (ЯПБА). Ушбу мураккаб ном оддий маънога эга: 

  • яхши сифатли - бу ҳаёт учун хавфли эмас, 
  • пароксизмал - тўсатдан содир бўлади, бир дақиқадан кам давом этади, 
  • позицияли - ҳаракат пайтида «ёнади»,  масалан, ётоқда ёки баъзи ҳолатларда бош ён томонга ўгирилганда, шу жумладан олдинга эгилганда, 
  • бош айланиши - инсонда атрофдаги ҳамма нарса ҳаракатга келаётгандек ҳис уйғонади.

ЯПБА тана ҳолатини фазода назорат қила олиш имконини берадиган вестибуляр аппаратдаги митти «бузилиш» билан боғлиқдир. Ушбу орган бош суягига махсус суюқлик билан тўлган ҳолда ўралган учта ярим доира найчасидан иборат. Киши бошини қимирлатганда суюқлик ҳаракатланади, мембранага босим ўтказади ва шу тарзда мияга тана бўшлиқда ўз ҳолатини ўзгартиргани ҳақида белги беради.