Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 1-тури доирасида яна 8та учрашув бўлиб ўтади.
Асосий актёрларсиз катта ўйин
А гуруҳи
«ПСЖ» — «Реал»
«Брюгге» — «Галатасарой»
Париждаги ўйин чоршанба оқшомининг энг жарангдор ўйинидир. Лекин бугун майдонда мухлислар истаганидек юлдузли таркиблар ҳаракатланмайди. «ПСЖ» ЕЧЛ старти арафасида ҳужум чизиғининг асосий футболчиларисиз қолди, Килиан Мбаппе ва Эдинсон Кавани жароҳат олди, Неймар эса ўтган мавсумда олинган дисквалификациясини ўтамоқда. Сешанба куни Неймарнинг дисквалификацияси 3тадан 2тага туширилгани маълум бўлди ва у энди гуруҳ босқичининг 3-туридан жамоасига ёрдам беришга киришиши мумкин.
«Реал»да эса асосий муаммолар мудофаа чизиғи билан боғлиқ. Серхио Рамос ва Начода дисквалификация бор, Зидан энди ҳимоя марказига Варан ва жамоанинг янги ҳимоячиси Милитаодан иборат жуфтликни туширишга мажбур. Мураббий майдон марказида ҳам муаммоларга эга, Модрич, Асенсио ва Иско жароҳатлар туфайли ўйинда иштирок эта олишмайди. Бундай вақтда ҳатто Хамес Родригесга таяниш мумкин бўлиб қолади. Колумбиялик футболчи яқин ойлар давомида жамоанинг асосий таркиб футболчиси бўлиб туриши кутилмоқда.
Ўзаро учрашувлар статистикаси мезбонлар фойдасига эмас. Ўтказилган 7 ўйинда «ПСЖ» фақат бир марта ғалаба қозонган ва бир марта дуранг ўйнаган. Аммо «Реал» мавсумни ишончли бошлай олмаганидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, французлар ўз майдонида биринчи марта мадридликларни енгиш имкониятига эга
«Олимпиакос» нима қила олади?
В гуруҳи
«Олимпиакос» — «Тоттенҳэм»
«Бавария» — «Црвена Звезда»
Бу гуруҳда иккита яққол фаворит бор: «Бавария» ва «Тоттенҳэм». Лекин қолган икки жамоа ҳам гуруҳ босқичида сенсация кўрсата олади.
Чемпионлар лигасининг ўтган мавсумдаги финалчиси еврокубокнинг янги мавсумини «Олимпиакос»га қарши ўйин билан бошлайди. Греклар клуб мавсум стартини ажойиб ўтказмоқда, бу жамоа ЕЧЛнинг гуруҳ босқичига чиқиш йўлида «Виктория» (Пльзень), «Истанбул» ва «Краснодар» клублари тўсиғидан ўтди. Бу жамоа таркибида испан қамоқхонасида 5 ой вақт ўтказгач фаолиятини қайта тиклаган Рубен Семеду, «Спортинг»дан кетгач ўйини очилган Даниэл Поденсе ҳамда иккинчи ёшлигини ўтказаётган Матье Вальбуэна бор.
















