Нефт ва газ соҳасида етук мутахассис бўлиб етишишни, қизиқарли касб эгаси бўлишни ва бу соҳада мансаб чўққисида юқори натижаларга эришишни истасангиз – биз сизга ёрдам берамиз! Талабалик даврингиз нафақат фойдали балки ёқимли ўтишини ва бу ҳиссиётларни бир умр эслаб юришни, талабалик даврида «губкинчи»ларнинг бой маданий ҳамдўстлигига аъзо бўлишни истасангиз – сизнинг йўл харитангиз айнан И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ университетининг Қашқадарё вилоятидаги Ҳудудий тайёрлов бўлимидан бошланади!
Нефт, газ соҳасида етук кадрларни тайёрлаш мақсадида И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ университетининг Қашқадарё вилоятидаги Ҳудудий тайёрлов бўлими бепул мақсадли тайёрлов курсларига қабул эълон қилади.
Ҳудудий тайёрлов бўлимига профессор-ўқитувчиларидан иборат қабул комиссияси томонидан танлов асосида қабул қилинади. Ўқув курсларида таълим И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ университети (Москва) ва университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалига қабул имтиҳонлари фанлари – математика, физика ва рус тили фанлари бўйича амалга оширилади.
Билими бўйича энг юқори натижаларга эришган тингловчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Қарорларига асосан И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ университетининг Қашқадарё вилоятидаги Ҳудудий тайёрлов бўлими учун ажратиладиган квоталарга асосан университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалида таҳсил оладилар.
Россия Давлат нефт ва газ университети юқори обрўли техник олий таълим масканларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда университет «РА-Эксперт» рейтингига кўра иш берувчилар томонидан университет битирувчиларига бўлган талабга кўра юқори ўринларда турувчи университетлар учлигига киради, GlobalWorldCommunicator (GWC)нинг дунёнинг 500 энг яхши ОТМлари рейтингида умумий рўйхатда 256 ва Россия ОТМлари орасида 5 ўринни эгаллаб турибди. QuacquarelliSymonds (QS) UniversityRankings BRICS рейтингига кўра БРИКС давлатлари университетлари умумий рўйхатида Россия университетлари орасида юқори-30таликка кирган. Губкин университети QS World University Rankings by Subject: предмет рейтингига кўра юқори 100таликка кирган 8та Россия университетлари сирасига киради.
И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Россия Давлат нефт ва газ университети томонидан қабул қилинган таълим дастурларига мувофиқ, олий таълим сифатига белгиланган халқаро талаблар ва Ўзбекистон Республикасининг кадрлар тайёрлаш Миллий дастури мақсад ва вазифаларига мувофиқ Республиканинг нефт ва газ соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлайди.















