Ўзбекистон Осиё ўйинларининг 10-кунида 12 спорт турида иштирок этди ва яна учта медал қўлга киритди.

Оғир атлетика

Токио Олимпиадаси чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони Акбар Жўраев (-110 кг) Осиё ўйинларида ҳам Ўзбекистонга олтин медал олиб келди.

У даст кўтаришда ўзига тегишли бўлиб турган рекордни янгилади (197 кг), шунингдек, силтаб кўтаришда (226 кг) ва умумий натижаси (423 кг) билан Осиё ўйинлари рекордларини ўрнатди.

Енгил атлетика

photo_2026-09-29_19-30-46
Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Барнохон Сайфуллаева

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Барнохон Сайфуллаева ҳам делегацияга навбатдаги олтин медални келтирди. У баландликка сакраш дастурида 1.90 метр натижа қайд этиб, мусобақа чемпионлигини қўлга киритди.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Осиё ўйинларида ушбу дастурда узлуксиз равишда чемпион бўлиб келмоқда. Аввалига Светлана Радзивил қаторасига уч марта (2010, 2014, 2018) Осиё ўйинларида ғолиб чиққанди, ундан эстафетани Сафина Саъдуллаева (2023) қабул қилиб олганди, энди эса бу анъанани Барнохон Сайфуллаева давом эттирмоқда.

Баландликка сакраш бўйича мусобақада қатнашган яна бир ўзбекистонлик спортчи Валерия Горбатова 1.80 метр натижа қайд этиб, олтинчи ўринни банд этди.

800 метр масофага югуриш бўйича мусобақада иштирок этган Сабоҳат Самижонова бир кун олдин саралашдан ўтганди (2:02.64), аммо бугун финалда саккиз спортчи маррага энг охирги бўлиб етиб келди (2:07.23).

Бокс

Бугун Ўзбекистон эркаклар жамоасининг уч нафар вакили яримфинал жангларини ўтказди ва шундан икки нафари финалга йўл олди.

Дастлаб -60 кг вазн тоифасидаги Абдумалик Ҳалоков япониялик Шунсуке Китамотога қарши рингга кўтарилди. Мезбонлар вакили имкон қадар қаршилик кўрсатди, аммо амалдаги Олимпиада ўйинлари ғолиби, амалдаги Осиё ўйинлари ғолиби ва икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланган ўзбекистонлик спортчи ундан-да аниқроқ ҳаракат қилиб, жангни ўз фойдасига ҳал қилди (4:1).