Жаҳон | 12:29 / 19.09.2019
21610
2 дақиқада ўқилади

Канада бош вазири 18 йил аввалги сурати учун узр сўради 

Фото: John Morris / Reuters

Канада бош вазири Жастин Трюдо сайловлар олдидан 18 йиллик сурати учун узр сўради. Бу ҳақда CBC телеканали хабар берди. 

У шу тариқа Time журнали томонидан чоп этилган оқ салла ва юзида жигарранг грим билан тушган суратига изоҳ берган. Бу сурат Трюдо ўқитувчилик қилган хусусий мактабдаги “Араб тунлари” деб номланган базмда 2001 йил олинган. Ўшанда Канада бош вазири 29 ёшда бўлган. Сурат мактаб битирувчиларидан бирининг албомидан топилган. 

Гап шундаки, ҳозирги вақтда бошқа ирқ вакилини тасвирлаш учун танага рангли грим тушириш ирқчилик ҳаракати деб қабул қилинади.

“Ўшанда мен буни қилишдан олдин яхшилаб ўйлашим, буни қилмаслигим лозим эди. Мен афсусдаман”, деб айтган Трюдо. Унинг айтишича, у базмга араб эртаги қаҳрамони Оловиддин қиёфасида келган. 

Трюдо журналистларнинг суратни ирқий деб ҳисоблаши-йўқлиги ҳақидаги саволларига “Ҳа, шундай деб ҳисоблашмоқда. Ўшанда мен буни ирқчилик деб ҳисобламаганман. Бироқ ҳозир анча ақллироқмиз”, деб жавоб қилди.

11 сентябрда Трюдо парламент сайловлари олдидан Канада генерал-губернаторидан парламентни тарқатишни сўраган ва сайловолди кампанияси бошланишини эълон қилган. Канада парламентига сайловлар 21 октябрда бўлиб ўтади.    

Жорий сайловларда асосий кураш Либерал ва Консерватив партия ўртасида кечиши кутилмоқда. 2015 йил ўтган парламент сайловлари натижасига кўра либераллар парламентда кўпчилик ўрин олиб, уларнинг етакчиси Трюдо бош вазир курсисини эгаллаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид