Тошкентнинг Сергели туманида инновацион типдаги иккита мактабгача таълим ташкилоти очилди.

Қумариқ мавзеси ва 5А даҳасида мазкур боғчаларнинг қурилиши орқали туманнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш потенциали 83 фоиздан 89 фоизга етди. Шунингдек, 100 киши учун қўшимча иш ўрни яратилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.


«Сўнгги йилларда Сергели туманининг ривожланиши ва янги қурилаётган уйларга аҳолининг кўчиб кириши натижасида таълим муассасаларига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Бирйўла 2та МТТнинг очилиши эса яна 600 нафар бола сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлишини англатади. Шунингдек, қисқа муддатли гуруҳлар ҳам очилиб, уларда 240 нафар бола қамраб олинади», дея маълумот берди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин 19 сентябрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида.

Вазирнинг айтишича, ушбу инновацион МТТлар Корея Республикаси модели негизида Мактабгача таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева муаллифлигида лойиҳалаштирилган бўлиб, болаларнинг яхши таълим олиши учун барча имкониятни беришга қодир.




«Шарқ менталитетида ота-она телевизор ёки машина сотиб олмаслиги мумкин. Лекин болаларининг – кичик фуқароларнинг бахтли бўлиши учун ҳамма нарсага тайёр бўлади», дейди Агриппина Шин.












































