20 сентябрь куни Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармасида мутасаддилар иштирокида “Мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва унинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, халқ таълими бошқармалари ходимларига мажбурий меҳнат тушунчаси ва ундан ҳимояланишнинг ҳуқуқий асослари хусусида батафсил маълумот берилди.
Давра суҳбатини очиб берган Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси бошлиғи Зокир Жўраев жамиятда мажбурий меҳнатни мутлақо чеклаш зарурлиги, бунинг учун ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини таниб олиши лозимлигини таъкидлади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратилло Одинаевга кўра, фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш асосан соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ҳамда умумтаълим муассасаларида кузатилмоқда.

“Ўзбекистонда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилган. Энди мажбурий меҳнатни ҳам тўлиқ йўқотишимиз керак. Бунинг учун ҳуқуқ фаоллари билан ҳам мунтазам равишда ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги учун республика бўйича 400 нафардан зиёд инспекторлар мониторинг учун жалб қилинмоқда”, — дейди Одинаев.
“Мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори, “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс” мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли ғайриқонуний эканлигини кўрсатувчи ҳуқуқий асослар ҳисобланади.

Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ҳусан Султоновнинг маълумот беришича, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”га киритилган ўзгартиришларга асосан мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун ЭКИҲнинг 10 бараваридан 30 бараваригача, агар бу ҳолат бир йил ичида яна такрорланса, ЭКИҲнинг 30 бараваридан 50 бараваригача жарима солинади. Мажбурий меҳнат вояга етмаганларга қўлланилганда эса ЭКИҲнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (бу ҳолат бир йил ичида такрорланса, 50 бараваридан 100 бараваригача) жаримага тортилади.

“Мақсад кўпроқ жарима солиб, бюджет учун пул ундириш эмас, балки одамларнинг масъуллигини оширган ҳолда мажбурий меҳнатга батамом барҳам беришдир. 2019 йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида 8та мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳоллари кузатилди. Бундай вазиятлар мутлақо бўлмаслиги учун ҳаракат қилишимиз лозим. Шунингдек, пахта теримига фуқароларни ўз ихтиёрига қарши ҳолда жалб этиш тақиқланади, бунинг учун кескин чоралар кўрилади”, — дея таъкидлайди Ҳусан Султонов.







