Тўй-ҳашамлар ўтказилишини тартибга солишда эркаклар ролини кучайтириш зарур – Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари
20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудларда олиб бориладиган тарғибот тадбирларини ташкил этиш масаласи юзасидан муҳокама ўтказилди.
Унда масъуллар тўй-ҳашамлар мавзусида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига алоҳида вазифа юкланаётганига алоҳида урғу беришди.
«Тўй-ҳашамлар мавзусида, албатта, аёлларнинг аҳамияти катта. Шунинг учун бу борада ўтган йилдан бери яхши тарғибот ишлари олиб борилди», дея Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг таъкидлашича, ушбу қарорга норози бўлиши мумкин тадбиркорларга ҳам ечим берилаётгани, яъни минг кишилик тўйхона қурган одамларга биносини меҳмонхонага айлантириш тўғрисида таклиф берилаётгани уларнинг қарорга хайрихоҳлигини оширади.
«Лекин жойларга борганда жуда кўп саволларга жавоб беришга тайёр бўлиб боришимиз керак. Таҳлил қила олишимиз керак. Масалан, ҳеч қачон маҳалла посбони тўйда иштирок этаётган одамларни тўйхонага кириб санай олмайди. Буни халқ қабул қилмаслиги ҳам табиий. Бу борада тўй эгаси – тўйхона – маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш зарур бўлар», дейди Хотин-қизлар қўмитаси ўринбосари.
Бундан ташқари, Мукаррам Нурматова турли масалалар юзасидан кўпинча асосий ўринда хотин-қизлар туриши таъкидланишини, лекин танганинг иккинчи томони ҳам борлигини таъкидлаб ўтди.
«Аслида, биз кўп ўринларда эркакларнинг ўрнини ҳам кучайтиришимиз керак. Масалан, битта кўрсатувнинг тасвирга олиш жараёнида мактабгача таълим ташкилотидан гўшт олиб қолган аёл масаласи муҳокама қилиниб, қачон аёлларни тартибга чақирасизлар, деган саволларни беришганди. Лекин агар уйда болалари таъминланган бўлса, ўша аёл ҳеч қачон бунақа қилмайди.
Ислом динида ҳам, замонавий ёндашувда ҳам эркакларнинг ўрни алоҳидалигини ҳисобга олиб, уларнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур», дея таклиф берди Хотин-қизлар қўмитаси ўринбосари.
Мавзуга оид
18:49 / 29.01.2020
Зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши маълум қилинди
02:25 / 20.12.2019
19 нафар маҳкума аёл Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан озодликка чиқарилди
18:56 / 10.12.2019
Ўзбекистонда хотин-қизларга доир ўн йиллик стратегия ишлаб чиқилмоқда
17:30 / 29.11.2019