Банк тизими барқарорлигининг таъминланиши, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчил бориши мамлакат иқтисодиётининг баравж ривожланишида муҳим омил ҳисобланади, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девони масъул ходими Салоҳиддин Ҳамдамов.
Қайд этилишича, давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда банк хизматлари оммабоплигини оширишга йўналтирилган Фармон ва қарорларининг қабул қилиниши банклар ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлашнинг стратегик мақсадли йўналишларини белгилаб берди.
Шундан келиб чиқиб, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Ҳозирга қадар амалда бўлган “Электрон тўловлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва қонуности ҳужжатлари фақатгина банк соҳасининг тегишли қисмига тааллуқли экани ҳеч кимга сир эмас, дейди С.Ҳамдамов.
Унинг айтишича, банк ва нобанк молия институтларида рақамли банк технологияларининг ривожланиши тўлов хизматлари соҳасида янги субъектлар, яъни тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг вужудга келишига замин яратди. Мамлакатда тўлов ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонуннинг мавжуд эмаслиги соҳанинг тўлақонли фаолият юритишига, улардаги хизмат турларининг кенгайишига тўсиқ бўлаётган эди.
“Таъкидлаш жоиз, ривожланган давлатларда тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасини, жумладан, электрон пуллар тизимини тартибга солувчи қонунлар мавжуд. Бугунги кунга келиб, тўловлар ва тўлов тизимини тартибга солувчи ва унинг назоратини олиб борувчи ваколатли давлат органининг белгиланмагани бу соҳада хатарларнинг вужудга келишига йўл очаётган эди.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўловлар соҳасида кўрсатиладиган хизматларнинг кўламини кенгайтириб, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг турли хил хизматлар кўрсатиш, жумладан, электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш ваколатини беради. Бу, албатта, тўлов тизимидан фойдаланувчиларга кенг имкониятлар яратиб, тўлов хизматларининг оммабоплиги ва шаффофлигини таъминлайди, тўлов инфратузилмасининг кенгайишига олиб келади”, - деб ёзади Қонунчилик палатаси Девони масъул ходими.
Унинг билдиришича, қонуннинг қабул қилиниши миллий тўлов тизимларининг узлуксизлигини таъминлашга, уларнинг барқарорлигини оширишга, банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитининг яратилишига, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.







