Ўзбекистон | 08:50 / 24.09.2019
30511
9 дақиқада ўқилади

Ҳукумат Чирчиқ шаҳри бўйича янги қарор қабул қилади

Фото: rutraveller.ru

Вазирлар Маҳкамасининг “Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон Фармони билан юклатилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун Чирчиқ шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар қуйидагилар этиб белгиланди:

биринчидан, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, бульварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;

архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни жорий этиш;

муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва канализация тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги массивларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;

ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

автомобиль транспортида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда ташувчилар томонидан замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш учун имтиёзли банк кредити маблағларини ажратиш;

иккинчидан, шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;

бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарларда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;

учинчидан, ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, жиҳозларини янгилаш, мутахассисларни малакасини ва хизмат маданиятини ошириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини кескин ошириб, бу соҳада хусусий сектор улушини кўпайтириш;

замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;

хотин-қизларни турли касбларга ўргатиш ҳамда қизларни ҳаёт мактабига тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш;

тўртинчидан, аҳолининг маънавияти ва маданиятини ўстириш билан алоқадор тизимли тадбирларни амалга ошириш, хусусан қаровсиз қолган ва зарур даражада фойдаланилмай турган маданият ва санъат саройларини янгидан таъмирлаб, соҳа учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш;

бешинчидан, ўсиб келаётган ёшларни спортга кенг жалб этиш учун давлат умумтаълим мактабларининг спорт майдонлари ҳамда спорт залларида дарсдан ташқари вақтларда давлат шерикчилик асосида ташаббускорлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшларни спортга жалб этиш;

олтинчидан, шаҳарлар ичидан оқиб ўтувчи сув бўйи ҳудудларини ободонлаштириш, аҳоли кўнгил очар масканларини, сайилгоҳларни барпо этиш;

кўп қаватли уйлар орасида сунъий қопламали футбол, баскетбол майдонлари ва майдончалари, болалар майдончаларини барпо этиш ҳамда дам олиш, ҳордиқ чиқариш ўриндиқларини ўрнатиш;

еттинчидан, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун замонавий парклар барпо этиб, уларда замонавий кўнгил очар хизмат кўрсатиш турларини ташкил этиш;

саккизинчидан, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ҳамда кейинги 3 йилда ишсизлик даражасини 5 фоизгача пасайтириш мақсадида, тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини жадал ривожлантириш;

саноат тармоқларини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини кескин ошириш, маҳаллий хом ашёдан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали шаҳар иқтисодиётига валюта тушумини кўпайтириш борасида самарали ишларни ташкил этиш;

мавжуд кичик саноат зоналари иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, янги ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш йўли билан саноат зоналарини ташкил этиш;

тўққизинчидан, солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетга даромадлар тушумини кескин ошириш.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланади:

Чирчиқ шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг молиялаштириш манбалари;

саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини комплекс ривожлантириш, саноат маҳсулотлари, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари, хусусан аёллар учун иш ўринларини яратиш, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлардан, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тадбирлари;

муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантиришга ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар;

мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини моддий-техник таъминотини юқори даражага кўтариш, ушбу соҳаларда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда қамрови даражасини кескин ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга асос яратувчи халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маърифат соҳалари бўйича комплекс тадбирлар;

ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш, шаҳар аҳолисига муносиб яшаш шароитини яратиш бўйича комплекс тадбирлар;

кўп қаватли ўй-жойларни бошқариш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини тубдан оширишга қаратилган тадбирлар.

Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланади.

Мактабгача таълим вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилоят ҳокимлиги билан бирга бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3651-сон қарорида кўрсатилган тартибда Чирчиқ шаҳридаги 2 та собиқ (12 ва 24-сон) мактабгача таълим муассасаси бино-иншоотларини қайта тиклаш мақсадида давлат-хусусий шерикчилиги асосида “ноль” харид қийматида ташаббускор тадбиркорларга берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент вилоят ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йил I-чорагида Чирчиқ шаҳар ҳудудида жойлашган кўчаларни, хиёбонларни ҳамда мавжуд қабристонларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳажмидан келиб чиқиб, норматив ҳужжатлар асосида Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг штат бирлиги ва моддий-техник базасини қайта кўриб чиқади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Тошкент вилояти ҳокимлиги Чирчиқ шаҳрининг “Шарқ” ва “А.Навоий” массивларида Туркия Республикасининг “MIMSAN group” компанияси томонидан тақдим этилган иссиқлик қозонларини сув ва газ тармоқларига уланишини ҳамда ишга туширилишини таъминлайди.

Тошкент вилояти хокимлиги Чирчиқ шаҳри, А.Темур кўчасида ҳарбий хизматчилар оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 мартдаги ПҚ-2858-сон қарори асосида қурилган кўп қаватли уйларнинг атрофини ободонлаштириш, ирригация тизимларини тортиш, ер ости тик қудуғуни ҳамда тунги ёритиш тизимларини қуриш ишларини якунлайди.

“Ўзкимёманоат” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖнинг шаҳарда экологик вазиятни юмшатиш ва яхшилаш мақсадида Чирчиқ шаҳар “Нур” маҳалласи ҳудудидаги марказий аллеясида реконструкция қилиш, марказлашган магистраль суғориш тизимини яратиш, “яшил майдон” ташкил этиш, кўп йиллик манзарали кўчат, дарахт ва гуллар экиш, майсазор ва дарахтзорларни суғориш учун ёмғирлатиб суғориш тизимини яратиш, мавжуд ирригация тармоқлари тизимини таъмирлаш, замонавий энергиятежамкор тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги Чирчиқ шаҳар ФХДЁ бўлимининг янги биносини қуриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги Чирчиқ шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш, айниқса кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллалардаги майдонларда манзарали – ҳавони тозаловчи, кислород берувчи дарахтларни ўтқазиш, майсазорлар ва гулзорларни ташкил этиб, аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқиб, тасдиқланган схема асосида шаҳарни суғориш тизимини барпо этиш учун 2020-2022 йилларда инвестиция дастури доирасида зарур маблағларни ажратилишини таъминлайди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Чирчиқ шаҳри суғориш тизимини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Инвестиция дастурига киритган ҳолда молиялаштириш ҳамда ижрога қаратилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид