18 сентябрь куни Ўзбекистондаги илк хусусий бандлик агентликларидан бири – “Human ХБА” лицензияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 10 кун муддатга тўхтатилгани ҳақида хабар қилинди. Орадан икки кун ўтгач, 20 сентябрда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлигини ва ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи сифатида жалб этилганини маълум қилди. Ҳозирда Ш.Файзуллаев эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.  

Мазкур агентлик билан боғлиқ машмашалар қандай юзага келди? Жабрланувчилар сони қанча? Улар нимага асосланган ҳолда ва нима учун МЧЖга пул тўлаган? Kun.uz тасвирга олиш гуруҳи юқоридаги ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида воқеани ўрганди. Даставвал айрим жабрланувчиларнинг сўзларига қулоқ тутамиз.

Фото: Тоҳиржон Ҳакимов

«Мен 2019 йил январда “Human хусусий бандлик агентлиги” билан Германияга ишга юбориш бўйича шартнома тузганман. Улар 8 ойда юборишни айтишганди, мана 9 ой бўлди юборгани йўқ. Мана шу 9 ой ичида адашмасам 50 марталар келдим, шекилли мана шу ерга. Нега деганда, мен Тошкентда мардикорчилик билан шуғулланиб келаман. Мен бу 35 млн сўмни қариндошларимдан қарзга олганман. 2020 йил майларига қарзимни узишни ҳисоб-китоб қилган эдим», - дейди жабрланувчи.

«Мен Германияга кетарканман деб, бир аёл кишидан 2 минг доллар олганман. Ўзимизча, режалар ҳам тузгандик. Бизга ишлайдиган завод-фабрикаларинг деб расмлар кўрсатишганди. У вақтда бир доллар 8300 атрофида эди. Ҳозир, шунинг ўзида ҳам 2,200 минг сўм ютқазяпман. Қолаверса, Фарғонага қуруқ қўл билан қандай қайтаман. Бир марта уйимга келиб жанжал кўтариб кетди. Ҳозир борсам, яна жанжал», - дея ёзғиради бошқа бири.

Мазкур масала бўйича Тошкент шаҳар, Яккасарой туман ИИО ФМБ (фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси) бошлиғи ўринбосари, майор Дилмурод Сатинбоевга учрашиб, бугунги кунда тергов жараёни қайси босқичда экани, республиканинг узоқ ҳудудларидаги жабрланувчилар нима қилиши кераклиги хусусида саволлар билан мурожаат қилдик.

Фото: Яккасарой туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, майор Дилмурод Сатинбоев