Ҳафта давомида ҳам кучли бешлик чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари ва кубок мусобақалари бўлиб ўтди. Кечадан эса, яна бир футбол ҳафтасига старт берилди. Келаси ҳафтада еврокубок ўйинлари ҳам борлиги боис, асосан Чемпионлар Лигасида қатнашадиган клублар ўз ўйинларини бугун ўтказадилар. Улар ичида энг қизиқлари ҳақида қисқача маълумотларни тақдим этамиз. 

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ (28 сентябрь, 21:30)

Бир қизиқ ҳолат бор. Аслида «Эвертон» манчестерликлар учун жуда ноқулай рақиб. Масалан Гвардиола илк мавсумидаги ушбу стадионга сафар ҳисобидаги мағлубият билан тугаганини ҳам эсласангиз керак. Пеп Англия Премьер Лигасидаги дастлабки тўрт ўйинда «Эвертон» устидан ғалаба қозона олмаганди. Бошқа тарафдан, қизиғи, «Манчестер Сити» айнан «Ливерпуль» билан чемпионлик пойгасига киришган пайтларда «Эвертон» унчалик қаршилик кўрсатмайди. Ҳатто жамоа мухлислари ҳам «Ливерпуль» чемпионлигини шу қадар исташмайдики, уй ўйинларида меҳмонларга мухлислик қилган пайтлари ҳам бўлган. Масалан, ўтган мавсумда «Эвертон» «Ливерпуль» билан ўйинда очко олишга муваффақ бўлган, «шаҳарлик»ларга эса, ҳар икки ўйинни бой берганди.  

Аммо бу сафар ҳолат бироз бошқача. Биринчидан, ҳали мавсум боши, ундай ҳисоб китобларга ўрин йўқ, иккинчидан эса, «Эвертон» АПЛ да охирги икки ўйинни, сўнгги тўрт ўйиндан учтасини бой берди. Рақиблар ҳам топ клублар эмас, «Борнмут», «Шеффилд» ва «Астон Вилла» эканини эътиборга олсак, жамоа мухлислар қаршисида ўзини оқланиб олиш учун яхши имконият. Зеро, ёздаги актив трансфер ойнасидан сўнг, «Эвертон»дан ҳатто кучли олтилик билан рақобатлаша олишни кутишганди. Жамоа таркибида Кин, Мина, Динь, Шнайдерлин, Калверт-Левин, Гомеш каби ўз вақтида топ клубларда тўп сурган тажрибали футболчилар бор. Шунингдек, сўнгги мавсумларни «Манчестер Сити» сафида ўтказган Фабиан Делф ҳам собиқ жамоасига қарши ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Хуллас, ҳар икки томонда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушишга мақсад ҳам, маҳорат ҳам етарли.

Жароҳатларга келсак, мезбонлар сафида Андре Гомеш майдонга туша олмайди. Пеп Гвардиола учун эса, ҳақиқий бош оғриғи марказий ҳимоя бўлиб турибди. Ушбу позициядаги асосий футболчилар жароҳатланишган. Лекин ўтган турда Фернандиньо бу амплуада ҳам анча ишончли ҳаракат қилди, Отаменди эса, ҳатто гол уришга муваффақ бўлди. Бу янги, вақтинчалик тандем энди сафар ўйинида, ҳақиқий босим қаршисида қандай ўйин кўрсатишлари қизиқ бўлса керак. Балки, Кайл Уолкер марказий ҳимояга қайтар? Унинг уч ҳимоячи схемасида ва Англия терма жамоасида марказий ҳимоячи сифатида ҳам тажрибаси бор.