Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Марказий сайлов комиссияси ва Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан журналистлар учун тренинг ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Унда журналистларга жорий йилги сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, журналистларнинг сайловолди ташвиқотининг ОАВларда ёритилиши бўйича саволларига жавоб берилди.

Фарҳод Насриддинов

«Бу борада ҳамма партияга тенг шароит яратиб беришга аҳамият берилади. Яъни, давлат ОАВларида текин эфир вақти, бепул нашр майдони ажратилади.

Лекин, борди-ю, қайсидир партия вакили хусусий ОАВларга сайловолди ташвиқотини ёритиш учун мурожаат қилса, бу ОАВ ўша округдаги бошқа депутатликка номзодларга ҳам бир хил шароит яратиб бериши керак», — дея маълумот берди Марказий сайлов комиссияси бўлим бошлиғи Фарҳод Насриддинов.

Унинг тушунтиришича, бу, асосан, тўлов пулида намоён бўлади.

«Депутатлика номзодлар нодавлат ОАВларидан ҳам ўз ташвиқот дастурларини ёритиш учун фойдаланиши мумкин. Лекин ОАВ ҳам ўз навбатида тарозини ушлаши керак. Масалан, қайсидир ОАВ битта партиядан 100 минг сўм тарғибот учун шартнома тузса, бошқа партиядан ундан кўп олиши керак эмас. Раҳбарият ва молиявий ишларга масъуллар ҳам бу борада эътибор билан қараши мақсадга мувофиқ бўлади», — деди Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Шунингдек, моддий жиҳатдан таъминоти яхшироқ бўлган сиёсий партия бошқаларга қараганда кўпроқ тарғибот ишларини олиб бориб, сайловда тенгсизлик юзага келишига йўл қўйишмайдими, деган мазмундаги саволга Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов аниқлик киритди.

Худоёр Маматов

«Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловолди тарғиботини олиб бориш учун ҳар битта партияга тенг миқдорда маблағ ажратиб берилади. Улар ташвиқот учун партиянинг бюджетидан пул ажратиши мумкин эмас. Бунда партиялар хоҳласа, каттароқ аудиториянинг эътиборини жалб қилиш учун нодавлат ОАВларига мурожаат қилиши мумкин. Бу уларнинг танловига боғлиқ», — деди Худоёр Маматов.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоеванинг таъкидлашича, сайлов тарғиботи жараёнларида ОАВларнинг алоҳида мониторинги қилиб борилади. Масалан, қайсидир телеканалнинг битта партияга кўпроқ ён босгани сезилса, уларга бу ҳақида маълумот берилади.