Сўнгги пайтларда ноқонуний ишдан бўшатилиш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келаётган, ўз муаммосига ечим топишда ёрдам сўраб, таҳририят эшигини тақиллатаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ана шундайлардан бири олти йилдан буён Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси сифатида фаолият юритиб келаётган Инобат Хасановадир.
Қизиқ томони, Инобат Хасанова 8 ой ичида ушбу лавозимдан 5 марта бўшатилган, шундан 4 мартасида лавозимига қайта тикланган. У ноқонуний ишдан бўшатилаверишдан, судма-суд юриб, айбсиз эканини исботлашдан чарчаганини айтиб берди.
У тақдим қилган ҳужжатлар орасида унга Федерация томонидан ҳар йили берилган фахрий ёрлиқлар ва моддий рағбатлантиришларга оид ҳужжатлар мавжуд эди.
Воқеаларнинг бошланиши: Раис бошқа ишга ўтишни таклиф қилган
«2018 йилнинг октябрь ойида Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов қўнғироқ қилиб, мактабгача таълим соҳасига ўтишни таклиф этди. Мен бу таклифга рад жавобини берганимдан сўнг, ноябрь ойида такроран вилоят хотин-қизлар қўмитаси матбуот котиблиги вазифасига ўтишни таклиф қилди», дейди Инобат Хасанова.
8 ой ичида беш марта ишдан олиниб, тўрт марта қайта тикландим

Инобат Хасанова Федерация раисининг бошқа ишга ўтишга оид таклифига рад жавоби бергач, унинг устидан аризалар келиб туша бошлайди. Бу аризалар Самарқанд вилояти Оқдарё ва Булунғур туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари раислари томонидан ёзилади.
И.Хасанованинг таъкидлашича, айнан шу туманлар раисларининг ишларида кўплаб камчилик ва пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилган.
Биринчи марта ишдан олиниши
2018 йил 7 декабрь куни И.Хасанова ноқонуний тарзда, Федерация уставининг 5та талабини бузган ҳолда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси Ж.Саримсоқов томонидан ишдан бўшатилaди. Шундан сўнг у ишдан бўшатилишининг барча сабаблари ноқонуний бўлганини исботлаб берaди ва ишга қайта тикланaди. Бироқ, 2019 йил 15 январь куни вилоят кенгаши йиғилишида Федерация раиси уни яна бир бор ишдан бўшатишга ҳаракат қилaди, лекин кенгаш аъзолари И.Хасановани ишдан бўшатишга қарши чиқишaди.

















