Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов 2 октябрь куни бошланадиган йиғинга чақирилган футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, 28 нафар футболчи 2 октябрь куни Тошкентда бошланадиган йиғинга киришади ва Абрамов Яман ҳамда Сингапурга қарши ўйинларга улардан 23 нафарини ажратиб олади. Жуда муҳим ўйинлар олдидан Абрамов танлаган таркиб қанчалик оптимал?

Демак, октябрдаги йиғинга қуйидаги футболчилар чақирилган:

Кўриб турганингиздек, таркибда қатор ўзгаришлар бор. Абрамов Купернинг охирги йиғинларига мунтазам чақирилаётган Қувондиқ Рўзиев, Фозил Мусаев, Даврон Ҳошимов, Ботирали Эргашев, Достон Турсунов каби футболчиларни бош жамоанинг ўта муҳим икки ўйинига чақирмасликка қарор қилди. Бу эса мураббийнинг қарашлари ўзидан олдин ишлаган Куперникидан кескин фарқ қилишини англатади.

Ҳимоядаги ислоҳот

Абрамовнинг жамоасида катта эҳтимол билан ҳимоя чизиғи янгиланади. Камида битта позицияда янги футболчи ўйнаши аниқ. Ўнг қанот ҳимоясида мамлакатнинг айни дамдаги тенгсиз футболчиси эканини исботлай олган Ҳожиакбар Алижонов Купер даврида доимий миллий жамоага чақирилган бўлса-да, катта ўйинларда унга имкон берилмади. Купернинг доимий ўнг қанот ҳимоячиси Даврон Ҳошимов бу гал йиғинга чақирилмади. Бу эса Ҳожиакбар ниҳоят асосий таркибда ўйнаши мумкинлигини кўрсатади. Иккинчи ўнг қанот ҳимоячиси сифатида йиғинга «Бунёдкор»дан Дилшод Аҳмадалиев жалб қилинган.

Ёши ўзгартирилгани сабаб футболдан четлатилган ва кейинчалик дисквалификацияси бекор қилинган Дилшод Аҳмадалиев ўтган вақт мобайнида яхши ўйинлар кўрсатди ва миллий жамоадан илк бор чақирув олди. Аммо уни айни дамда Ўзбекистоннинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан дейиш қийин. Катта эҳтимол билан Абрамов уни ўз жамоасида ўйнагани ва яхшироқ билгани учун чақирган. Яъни, мураббий кейинчалик ўнг қанотга бошқа вариантларни кўриб чиқиши ҳам мумкин. Масалан, «Насаф»даги Дилшод Саидов сўнгги вақтларда ёрқин ўйин кўрсатмоқда (сўнгги икки ўйинда «Насаф» иккита гол урди ва иккисига ҳам Дилшод ассистентлик қилди).

Мураббий ҳимоя марказида ҳам янгилик қилишга қарор қилди. Анзур Исмоилов миллий жамоадаги фаолиятини якунлагани унинг ўрнига янги номзодлар кўриб чиқилишини талаб қиларди. Абрамов ҳали ҳеч қачон миллий жамоага чақирилмаган, аммо сўнгги мавсумларда чиндан чемпионатнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири эканини кўрсата олган Умар Эшмуродовга терма жамоадан жой берди. «Насаф» кетма-кет футболчиларини сотиб юбориш «акциялари»ни ўтказган Бердиев ҳимояни ҳам бошқа чизиқлар каби янгилашга мажбур бўлди. 2017 йилда «Шўртан»дан олиб келинган Умар Эшмуродов тезда «Насаф» асосий таркибига мослашиб кетди ва ўтган мавсумдан бошлаб «Насаф» сардорига ҳам айланди. Бўйи баланд ва марказий ҳимоячига керак бўладиган барча хусусиятларга эга бўлган бу футболчи келажакда миллий терма жамоанинг асосий ҳимоячиси бўла олади. Умид қиламизки, унинг ишончли ўйинлари бош жамоага ҳам наф келтиради.