Душманимнинг душмани – менинг дўстим, дейишади. Дарҳақиқат, Россия ва Хитой АҚШдан узоқлаша боргани сари сўнгги йилларда улар ўртасидаги ҳамкорлик кучаймоқда, деб ёзади Американинг Stratfor геополитика портали.

Бир томондан АҚШнинг Хитой билан савдо уруши, иккинчи томондан Вашингтоннинг Москвага қарши санкцияларни узайтираётгани ортидан шарқда икки қўшни давлатнинг иқтисодий алоқалари мустаҳкамланиб боряпти. Хитой ва Россия сўнгги бир йил давомида АҚШнинг Венесуэла, Эрон ва Шимолий Корея каби қатор ҳудудлардаги таъсирини жиловлаш учун ўз дипломатик позицияларини мувофиқлаштириб келди.

Ҳозирга келиб Пекин ва Москва кўплаб масалаларда Вашингтонга қарши позицияни эгаллаган. Улар ўртасидаги ҳамкорлик соҳалари ҳам кенгайиб боряпти, бу соҳалар орасида хавфсизлик масалалари ҳам бор. Аммо узоқ муддатли истиқболда Хитой-Россия хавфсизлик алоқалари ҳар икки мамлакатнинг АҚШ билан муносабатлари қай тарзда ривож топиши, охир-оқибат барибир уларнинг ўзаро алоқалари ҳолатига боғлиқ бўлади.

Ҳарбий ҳамкорлик истиқболлари

Охотск ва Япон денгизидаги Россия-Хитой қўшма ҳарбий денгиз машғулотлари олдидан
Фото: Юрий Юмитюк / ТАСС / Getty Images

Хитой ва Россиянинг бевосита АҚШ мотиви ортидан ривожланаётган ҳамкорлик йўналишларидан энг асосийси деб ҳарбий соҳани кўрсатиш мумкин.

Икки давлат ҳарбийларнинг қўшма машғулот ўтказишлари сўнгги вақтларда тез-тез кузатилмоқда. Қўшма Штатларнинг ҳам Европа, ҳам Осиёдаги ҳарбий базаларини кенгайтириши эса Хитой-Россия қўшма ҳарбий амалиётларининг янада кўпайишига сабаб бўлади.

АҚШ ва Россиянинг ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталарни ликвидация қилиш ҳақидаги 1987 йилги келишуви барбод бўлгани ҳам бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. Бир неча йилдан буён иккала томон ҳам бир-бирини битим шартларига риоя қилмасликда айблаб келди ва август ойида Америка шартномадан расман чиқди. АҚШнинг бу ҳақдаги эълонида Россиянинг ракеталари сони битимда белгиланган чегарадан чиқиб кетгани сабаб сифатида айтилган. Аммо нафақат Москва, балки Пекин ҳам ўрта масофага мўлжалланган бошқарилувчи ракеталарни ривожлантириш устидаги ишларини сезиларли кучайтиргани ҳам Вашингтоннинг бу битимдан чиқишида роль ўйнагани шубҳасиз.