Нейробиолог Тара Сварт нима учун ёш ўтган сари ақл теранлигини йўқотиб боришимиз ва бу жараённи қандай қилиб ортга суриш мумкинлиги ҳақида ўртоқлашди.
Вақт ўтиши билан мияда қандай ўзгаришлар содир бўлади?
Қариш жараёни мияга ўзининг тўхтатиб бўлмас таъсирини кўрсатади ва бизнинг қўлимиздан ҳеч иш келмайди, деган фикрда бўлсангиз ажаб эмас. Аммо бу мутлақо нотўғри. Ҳа, сиз вақтни орқага қайтариб ўз заковатингиз ва билимингиз даражасини юксалтира олмайсиз. Аммо катта ёшдаги ақл теранлигида инсоннинг ҳаёт тарзи ҳам ўз аҳамиятини кўрсатмай қолмайди. Ва сиз ҳаракатни қайси ёшда — 30 ёки 50 — бошлашингиз муҳим эмас.
Вақт ўтиши билан мияда токсинлар йиғила боради — тау-оқсиллари ва бета-амилоид ёғ қатламлари. Уларнинг пайдо бўлиши қаришнинг илк босқичлари ва когнитив (ҳис қилиш) функциялар сусайиши билан боғлиқдир. Бу табиий жараён ҳисобланса-да, кўплаб омиллар вазиятни кучайтиради ва жадаллаштиради. Масалан, стресс ва нейротоксинлар — алкоголь, сифатли уйқу етишмаслиги.
Мия ҳаёт давомида ривожланиб боришига хизмат қилувчи хусусияти нейропластиклик деб аталади. Унинг 3 хил механизми мавжуд: синаптик алоқа, миелинизация ва нейрогенез. Янги нейронлар юзага келишига жавобгар бўлган нейрогенезнинг соғлом қаришда аҳамияти юқори. Катта ёшли инсонларда бу жараён чақалоқлар ва ёш болалардаги каби кўнгилдагидек содир бўлмайди.
Вояга етган инсонларда янги нейронлар вужудга келиши гиппокамп — миянинг эслаш қобилияти жойлашган қисмида содир бўлади. Ҳар куни биз янги хавотирлар қаршисида таъсирланамиз, уйқу вақтида улар бирлашади. Шунинг учун ҳаётимизда янгиликлар — ҳаракатлар, одамлар, жой ва ҳиссиётлар қанчалик бой бўлса, нейрогенез жараёнини шунчалик кўп жадаллаштиришга муваффақ бўламиз.
Мия ёшлигини сақлаб қолиши учун қандай кўмак бера оламиз?
1. Юрак уриши тезлашишига шароит яратинг
Аэробика машғулотлари, масалан югуриш ёки тез юриш, нейрогенезга ижобий таъсирини кўрсатади. 2016 йилда ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, энг яхши натижани бардош машқлари — юқори интенсивли интервал машғулотлар (HIIT) ва вазн машқлари тақдим эта олади. Ваҳоланки, жисмоний фаолликнинг бошқа турларининг ҳам фойдаси бор.
Ҳафтада 2,5 соат вақтингизни юрак машғулотларига бағишлашга ҳаракат қилинг. Имкониятга қараб тренажёр залида, паркда ёки шунчаки табиат қўйнида шуғулланиш мақсадга мувофиқ. Ҳаёт қайнаган йўллардан узоқроқ туринг: ифлосланган ҳаво оқими мия нейротрофик омилини бостиради, у эса асаб ҳужайралари сони ошишига туртки бўлади. Бундан наф кўп эмас.










